«Россия халқлари тарихини билмайдиганларга эслатиб қўйишим жоизки, қирғизлар Сибирь ва Олтойдан келиб чиққан, Олтой халқларининг улкан оиласига, буюк Олтой цивилизацияси меросхўрларига мансуб», — деган бугун ғалаба кунига бағишланган митингда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев.

«Қирғизлар билан битта тил гуруҳига Россия Федерациясидаги бир қатор қардош халқлар киришади. Булар масалан, татарлар, бошқирдлар, хакаслар, туваликлар ва бошқалар. «Сибирь» сўзининг ўзи қирғизча «шибер» — ўт-ўланларга бой маскан маъносини беради, Байкал — «Байкўл» — бой кўл, Енисей — «Энесай» — Она сой. Урал дарёси ҳам қадимда «Жайик», «Яик» деб аталган — ёйиқ, кенг маъносини билдирган.

«Россиянинг кўплаб буюк фуқаролари Олтой халқлари гуруҳидан аждодларга эга бўлишган. Биргина фамилияларининг ўзи бундан далолат бериб турибди: Карамзин, Аксаков, Тургенев, Есенин, Ушаков, Кутузов. Замондошларимиздан Наришкин, Шойгу, Кара-Мурза ва бошқаларни тилга олишим мумкин», — деган Қирғизистон президенти.

«Затулин ва Веллерга ўхшаганларнинг қирғизлар Россияга бегона дейишларига ҳақлари йўқ. Фамилиясига эътибор берадиган бўлсак, кўпроқ уларнинг қадимги ота-боболари Фаластин чўллари ва Европа ўрмонларидан Россияга кириб келишган», — деди Атамбоев. 

«Россия учун «бегоналар», қирғизистонлик меҳнат мигрантлари эмас, Россия ичида миллатлараро нифоқ ва ксенофобияни тарқатаётган ўзларининг баъзи бир ёзувчилари ва сиёсатдонлари муаммо яратмоқда», — дея қўшимча қилган президент.

«Питердаги терактда бош гумонланувчи Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида яшаган ўзбек бўлиб чиқса, бунда ҳамма ўзбек ва қирғизларни айблаш керак эмас», — деди президент.

«Ахир у отаси сингари Россия фуқароси бўлган. 16 ёшидан бошлаб Россияда яшаган! Эҳтимол, айнан ксенофобия ва скинхедлар уни экстремист бўлишига сабаб бўлгандир. Ҳар қандай оилада бунақаси учрайди. Ҳар қандай халқда ҳам ярамаслар ва қаҳрамонлар бўлади. Лекин Ҳитлер ёки Чикатилога, Брейвик ёки Ткачга қараб бутун халққа баҳо бериб бўлмайди», — деди Алмазбек Атамбоев.

«Биз қирғизлар учун Россия — бизнинг азалий, қадимий тарихий ватанимиз. Ҳар қандай қирғиз учун Манас, Олтой, Энасой сўзлари муқаддас ҳисобланади. Бизнинг халқимиз ўз илдизларини жуда яхши эслайди ва қийин кунларда доимо қардош Россиянинг ёнида бўлади. Улуғ ватан уруши йилларида ҳам биз буни намойиш этганмиз», — деди Отамбоев.

«Буюк Россиянинг куч-қудрати унда яшаётган жамики миллат ва халқларни бирлигида. Бунинг учун ирқчилик ва ксенофобиянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш даркор. Сиёсатчилар буни Россия Федерацияси президенти Владимир Путиндан ўрганиши керак», — дея таъкидлаган Алмазбек Атамбоев.