Нидерландиялик мутахассис Дик Адвокаат Нидерландия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда Нидерландия қироллиги футбол иттифоқи маълум қилган.

69 ёшли мутахассисга Рууд Гуллит ёрдамчилик қилади.

Адвокат ва Нидерландия қироллиги футбол иттифоқи ўртасида ЖЧ-2018 саралаши охирига қадар ҳамкорлик қилиш бўйича келишув тузилган.

Қайд этиш керакки, ушбу мураббий бунгача ҳам икки марта Нидерландия терма жамоасини бошқарган (1992-1994, 2002-2004). Бундан ташқари у терма жамоада 1984-87, 1991-92 ҳамда 2016 йилда бош мураббий ёрдамчиси сифатида ишлаган.

Унинг раҳбарлигида терма жамоа 55та ўйин ўтказган, 31 учрашувда ғалаба қозонган, 13та дуранг ва 11та мағлубият қайд этилган, тўплар нисбати - 117-38. 

Ушбу мутахассис ҳозирда «Фенербаҳче» жамоаси мураббийи саналади, унинг турклар жамоаси билан шартномаси жорий мавсум сўнгига қадар тузилган.