9 май. Эрта тонгдан Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийлари, жойлардаги жамоат ташкилотлари вакиллари жасорат, бурч ва матонат байрамининг асосий тадбирларини нишонлаш учун Фарғона шаҳридаги хотира майдонига йиғилишди. Фахрийлар ушбу майдонда бунёд этилган замонавий фавворалар атрофида вилоят жамоатчилиги, ёшлар билан дилдан суҳбат қурдилар.

Фарғона вилояти ҳокими “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш маросимини бошлаб берди. Маросимда вилоят жамоатчилиги, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари миллат онаси рамзи пойига гулчамбарлар қўйишди. Бу ерда йиғилганлар майдондаги “Хотира китоби”ни варақлаб, ўтганлар хотирасини ёд этишди.

Мустақиллик йиллари урушда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. 

Ўтганлар руҳини ёд этиш, тирикларга меҳр-оқибат кўрсатиш қадрият, қолаверса ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси саналади. Мана шу эзгу фазилатлар 9 май Хотира ва қадрлаш куни санаси муносабати билан янада ёрқин намоён бўлди. Дарвоқе, дунёда Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларининг гувоҳи ва иштирокчиси бўлган кишилар сафи тобора камайиб бормоқда. Ана шундай ватанпарвар инсонларнинг 156 нафари Фарғона вилоятида истиқомат қилмоқда. 

Инсон инсонга малҳам дейишади. Бу файласуфона гапнинг замирида бир-биримизга кўрсатаётган эътибор, меҳр-муҳаббат каби эзгу тушунчалар мавжуд. Аслида бу каби эзгу кўникмалар қон томиримизга сингиб кетган ўзлигимизнинг бир кўриниши, холос. 

Демоқчи бўлганимиз, олтин меросини, тарихини қадрлайдиган ёшлари бор юртнинг келажаги ўтмиши каби буюк бўлади. 

Аҳрор Зиё, Фарғона