Сурияда "Жибҳат ан-Нусра" террорчилик гуруҳи сафларида туриб жангларда иштирок этган икки нафар суриялик қочқин Германияда қўлга олинди. 

Berliner Zeitung нашрининг хабар беришича, қўлга олинганлардан бири 23 ёшли Мусса бўлиб, у Германияга келгунча Раққада яшаган. У террорчилик ташкилоти ва Сурия ҳукумат кучларига қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишда айбланмоқда.  

Аввалроқ Саксонияда сурияликнинг эҳтимолий шериги қўлга олинганди, у ҳам суриялик  30 ёшли Абдулмалик деган кимса бўлиб чиққан. У ҳарбий жиноятларда ва террорчилар сафида Ас-Саура шаҳридаги жангларда иштирок этишда гумон қилинмоқда. Германия прокуратураси уни 2013 йилда суриялик снайперни қатл этишга алоқадорликка текширмоқда. Терговчиларнинг фикрича, снайперни айнан шу террорчи қатл этган.

Иккала айбланувчи ҳам вертолётда Карлсруэга етказилган, уларга айбловлар эълон қилинган. Террорчилардан бири Мусса кейинроқ Берлинга жўнатилиб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.