Жанубий Кореянинг Пекиндаги элчихонаси республиканинг ўн нафар вояга етмаган фуқароси Хитой ҳудудидаги йўл-транспорт ҳодисаси туфайли ҳалок бўлганини хабар қилди, дея маълум қилмоқда «Рёнхап» агентлиги.

ЙТҲ Шаньдун вилоятининг Вэйхай шаҳар округида маҳаллий вақт билан соат 09:00 да (Тошкент вақти билан 06:00 да) юз берган.

Кичик мактабнинг 11 ўқувчиси ва ўқитувчини олиб кетаётган микроавтобус туннелда ҳалокатга учраган, шундан сўнг ёниб кетган.

Ҳодиса оқибатида Жанубий Кореядан бўлган ўн бола ва бир хитойлик ўқувчи ҳалок бўлган, ўқитувчи жароҳатлар олди.

Шунингдек ЙТҲда микроавтобус ҳайдовчиси ҳам ҳалок бўлган.