«Мидлсбро» АПЛнинг 36-турида «Челси»га 0:3 ҳисобида ютқазди ва чемпионшипга тушиб кетадиган бўлди. Жамоа айни вақтда 28 очко тўплаган ва 17-ўринда турган «Суонси»га (35 очко) кейинги 2 турда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар етиб ололмайдиган ҳолатда.

«Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси, айни вақтда футбол эксперти бўлиб ишлаётган Жейми Каррагер «Мидлсбро» сардори Бен Гибсон ёзги трансферлар вақтида АПЛдаги кўплаб жамоаларнинг трансфер нишонига айланишини тахмин қилди.

«Қачонки жамоа АПЛни тарк этар экан, лиганинг бошқа клублари ушбу жамоанинг энг яхши футболчиларини ўз таркибига қўшиб олишга ҳаракат бошлашади, бу жамоанинг энг яхши футболчиларидан бири эса Гибсон ва у аллақачон нишонга тушган. Қолаверса, у чап оёқда ўйнайди, бундай футболчилар эса саноқли. Ишонаманки, кўплаб клублар унга таклиф билан чиқишади ва «Мидлсбро» уни сотиш орқали каттагина пулга эга бўлади», — деган Каррагер Sky Sports учун берган интервьюсида.

24 ёшли Гибсон жорий мавсумда «Мидлсбро» сафида 39 учрашувда майдонга тушди. Англия терма жамоасига чақирилган ушбу футболчи жорий мавсум давомида ҳам бир қатор клубларнинг қизиқишлари доирасида турди. «Челси» уни Жон Террига ўринбосар сифатида кўрмоқда ва унинг трансфери учун 30 миллион фунт сарфлашга тайёр. «Лестер» ҳам уни шунча пул эвазига сотиб олишни истамоқда. Унга «Ливерпуль», «Манчестер Сити» ва «Сток Сити» каби жамоалардан ҳам қизиқиш мавжуд. 

«Мидлсбро»нинг яна бир юлдузи Адама Траоре. «Барселона» тарбияланувчиси, 2015 йилнинг ёзида «Астон Вилла»га трансфер қилинган, ўтган йил ёзида «Мидлсбро»га ўтган 20 ёшли бу футболчи Европадаги энг моҳир дриблинг устаси сифатида тан олинди.

Келиб чиқишига кўра малилик бўлган Траоре Испания фуқаролигига эга.

Адамага қишда «Челси» томонидан қизиқиш билдирилганди. Траоре ўз тезлиги билан лондонликлар устози Антонио Контенинг эътиборига тушган. Жисмоний томондан ҳам кучли бўлган, ўнг қанотда ҳаракатланадиган бу ёш футболчи жамоада Виктор Мозес, Педро ёки Виллианнинг ўрнини эгаллаши мумкин. Унинг жамоаси билан шартномаси 2020 йилгача тузилган.