9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида самарқандлик тадбиркор Умар Ражабов Пастдарғом туманининг Жума шаҳридан бўлган Иккинчи жаҳон урушининг икки фахрийсига янги хонадонлар калитини топширди. Бу ҳақда журналист Тошпўлат Раҳматуллаев хабар берган.

Уруш ва меҳнат фахрийлари - 95 ёшли Шаккоз Ҳасанов ва 96 ёшли Ислом Неъматовга калитлар Пастдарғом тумани ҳокимияти томонидан ташкил этилган байрам тадбирида топширилди. Туман ҳокими Собиржон Эргашевнинг таъкидлашича, мамлакатда фашизм билан уруш йиллари ва урушдан кейинги даврларда оғир синовдан ўтган ота ва боболаримизга катта эътибор қаратилмоқда.

«Барчага маълумки, давлат уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва уларга ёрдам кўрсатади. Шуниси қувонарлики, тадбиркорларимиз ҳам четда туришаётгани йўқ. Бугун икки нафар фахрийга янги хонадонлар калити топширилди, уйлар туман марказида янги қурилган бинодадир. Биз бундай эзгу иш учун “Умар” қурилиш корпорациясига чуқур миннатдорчилик билдирамиз», - деган ҳоким.

Фото: Nuz.uz

Умар Ражабоевнинг ўзи эса шундай деди: “Тинч осмон учун сиз каби қаҳрамонларга қарздормиз. Сизлар нафақат Иккинчи жаҳон уруши фронтларида мардонавор кураш олиб бордингиз, балки урушдан кейинги оғир йилларда ҳам барча машаққатларни ўз елкангизга олдингиз”.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, «Умар» корпорацияси Пастдарғом тумани марказида бир неча кўпқаватли уйлар қурмоқда. Фахрийлар учун икки хонали квартиралар ушбу уйлардан бирида жойлашган, қурилиш ишлари ноябрда якунига етади.