АҚШ президенти Дональд Трамп Сурия ҳукуматига қарши санкциялар амал қилишини бир йилга узайтирди. Трамп бу қарори ҳақида АҚШ конгрессини махсус мактуб орқали хабардор қилди. 

Ҳужжатда таъкидланишича, Вашингтон 2006-2012 йилларда Сурия ҳукумати томондан "АҚШ миллий хавфсизлиги манфаатларига, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига билдирилган ноодатий ва фавқулодда хавф"га қарши жавоб сифатида киритган санкциялари узайтирилмоқда.

Трамп бундай хавфли ҳаракатлар қаторида Сурия ҳукуматининг "ўз фуқароларига нисбатан қаттиққўллиги ва жазо қўллашлари, кимёвий ва биологик қуролга, оммавий қирғин қуролига эга бўлиш ва уни қўллашга интилиш, ракета дастурлари, террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, Ироқни барқарорлаштириш ва тиклаш бўйича АҚШ ва халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини барбод қилиш"ни айтган.   

"АҚШ Башар Асад тузуми томондан зўравонлик ва инсон ҳуқуқлари бузилишларини қоралайди ва Сурия халқига нисбатан зўравонликни тўхтатишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиш режимига амал қилишга, гуманитар ёрдамни етказишни таъминлашга, Сурияда сиёсий ўтишга имкон беришга чақиради. Булар катта озодлик, демократия, келажакдаги имкониятлар ва адолатга кўмак беради", дейилган мактуб матнида.