Украина раҳбарияти 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Украина пойтахти марказидаги шон-шуҳрат боғида президент Пётр Порошенко бошчилигидаги давлатнинг олий шахслари Номаълум аскар ҳайкали пойига гуллар қўйишди.

Аскарлар хотирасини ёдга олиш учун бу ерга уруш фахрийлари, диний жамоатчилик вакиллари, дипломатлар келди.

2015 йилга қадар Украина Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба кунини анъанавий равишда нишонлаб келган, сўнгра Олий рада қонун қабул қилди, унга кўра, мамлакатда 8 май Хотира ва ярашув куни ўтказилади, 9 майда эса Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба Куни нишонланади.