Собиқ президент Пак Кин Ҳе ўз лавозимидан четлаштирилгач, Жанубий Кореянинг миллионлаб фуқаролари мамлакатнинг янги президентини сайлаш жараёнида иштирок этишмоқда.

Катта коррупцион можарога аралашиб қолган собиқ президентга импичмент эълон қилинди, сўнгра президент ҳибсга олиниб, унга нисбатан бир қатор, жумладан, пора олиш ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш каби айбловлар эълон қилинди.

Сеулдаги сайлов участкалари асосан кварталлар ўртасидаги, топиб бориш қийин бўлган ҳудуд бошқаруви биноларида — кичикроқ офисларда ташкиллаштирилган. Овоз бериш хонасининг ҳар бирига «Сайлов — демократия чечаги» деган ёзувлар ёпиштириб чиқилган.

Сеулнинг марказий ҳудуди Ҳвеҳён-дондаги сайлов участкаси очилгани ҳамоно овоз бериш учун унинг эшиги олдида асосан катта ёшли кишилардан иборат навбат ҳосил бўлди.

«Мамлакатимизнинг қайта туғилиши учун ақлли раҳбарни танлаб бўлдим», — дейди РИА Новости’га Ҳвеҳён-дондаги сайлов участкасида овоз бериб чиққан Ҳа исмли аёл. Сайловчининг сўзларига кўра, «аввалгидек яшашнинг ортиқ иложи йўқ, мамлакат манфаати учун интилиш керак».

Европача либос кийиб олган Ким фамилияли йигитча ҳам Жанубий Кореяда ўзгаришлар рўй беришидан умидворлигини айтиб ўтган. «Мамлакатимизда ҳукумат ўзгаришини кўзлаб овоз бердим», — деди у. Ким Жанубий Кореядаги ҳукумат «аввалгисидан адолатлироқ, жамият эса барча учун бирдек имкониятлар тақдим этилган ҳолатда бўлади», дея ишонади.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш учун ўтказилган сўнгги сўровларга кўра, президентлик лавозими учун асосий номзодлар — демократик партиядан Мун Жэ Инни 42,4 фоиз киши қўллаб қувватлаган, марказчиларнинг «Халқ партияси» вакили Ан Чёл Су ва консерватив кучлар вакили Хон Жун Пё ҳозирча 18,6 фоизлик рейтингдан кўтарила олишмаган.

Демократик кучлар тарафдорлари Жанубий Корея жамиятида коррупция қўпориб ташланиши ва уруш таҳдиди олди олиниши учун КХДР билан муносабатлар яхшиланишидан умидвор. Булар асосан ёш авлод вакиллари. Катта ёшдаги кишилар эса Пёнгянг билан яқинлашишдан чўчиб, консерваторларга овоз беришмоқда.

Катта ёшдаги такси ҳайдовчиси Хон Жун Пёга овоз берганини, у бу қарорини демократик кучлардан сайланган собиқ презиентлар Ким Дэ Жун ва Но Му Ҳён давридагидек, янги президент Пёнгянгга боришини истамаётгани билан изоҳлаган.

«Ким Дэ Жун Пёнгянгга борди, кейин Но Му Ҳён ҳам борди, улардан бирор киши Сеулга келдими?» — дея савол беради таксичи. Бу сафар ҳам худди шунақа бўлади, деган қатъий фикрда у, Жанубий Кореянинг янги президенти ҳам Пёнгянгга бориб, «пул бериб» келади. 1950-1953 йиллардаги урушни жуда яхши эслайдиган жанубий кореялик катта авлод вакилларининг аксарияти ана шундай фикрда. Улар АҚШнинг ҳарбий қудрати ва КХДРнинг яксон қилиниши ортидан мамлакат бирлаштирилишидан умидвор.

Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларининг маълумотларига кўра, ушбу сайлов солиқ тўловчиларга 311 млрд. вон (274 млн. доллар) га тушади. МСК 180 млрд. вонни ўз маблағларидан сарфлайди, деб хабар беради Ёнҳап агентлиги, 42,1 млрд. вон эса Жанубий Кореянинг бир палаталик парламенти — Миллий мажлисдан ўрин олган беш сиёсий партияни қўллаб-қувватлаш фондидан ажратилади. Шунингдек, МСК 88,9 млрд вонни сайловларда камида 10 фоиз овоз олган барча номзодларнинг сайловолди пойгасидаги харажатларини қисман ёки тўлиқ қоплаш учун ажратади.

Корея Республикасининг янги президенти инаугурацияси МСКнинг 10 май кунги эрталабги мажлисида унинг ғалабаси расман эълон қилингач, маҳаллий вақт билан соат 8:00 – 10:00 орасида ўтказилади.