9 май куни Жанубий Кореяда президентлик сайловларидаги овоз беришда 77,2 фоиз сайловчи иштирок этди. Давомат аввалги президентлик сайловларидан 1,4 фоизга юқорироқ бўлди, деб маълум қилди мамлакат Марказий сайлов комиссияси. 

Сайлов участкалари ёпилгандан кейинги экзит-полл маълумотларига кўра, ғалабага демократ Мун Жэ Ин эришган. Унга 41,1 фоиз сайловчилар овоз берганлар. Озод Корея консерватив партияси вакили Хон Жун Пхёни 23,3 фоиз сайловчилар, Халқ партияси номзоди Ан Чхоль Суни 21,8 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватлаганлар.                       

Бутун мамлакат бўйлаб 13 минг 964 та сайлов участкаси фаолият юритган, уларда ҳаммаси бўлиб 42 млн 479 минг 710 сайловчи овоз бериши мумкин бўлган. Овоз бериш соат 20.00да якунланган.

Жанубий Кореянинг янги президенти марказий сайлов комиссияси у сайланганини тасдиқлаши билан 10 майда лавозимини бажаришга киришади.