Шерғози Муҳсинов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) давлат идораларидан бирининг раҳбари. Рафиқаси шифокор. Тўнғич қизи Ақидахон университетни битириб, мактабда бошланғич синф ўқувчиларига дарс бера бошлади. Севиб-севилиб турмуш қурди. Ўртанчи ўғли Аслиддин муҳандисликда ўқимоқда эди. Шерғози ишдан ортиб, ўғли билан бафуржа гаплашишга вақт топмас, “Ўқишинг қалай? Бобонгдан хабар олдингми, таэквондо тўгарагига қатнаяпсанми? Машғулотларни қолдирма” каби савол-жавобдан нари ўтмасди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Кечки пайт хотини телефон қилди.

-  Бандман, - дея Шерғози гапни қисқа қилди. Қўнғироқ яна жиринглади.

-  Ишлагани қўясанми? Нима? Ваҳима қилма! Бориб, суриштираман...

Шаҳар ИИБ навбатчиси қўнғироқ қилди. Ярим соат ўтмай етиб борди.

-  Бировнинг енгил машинасини миниб қочишган, - деди ИИБ бошлиғи ўринбосари. – Икки киши. Иккаласиниям кайфи тароқ. Бир фалокат бўлмасдан, вақтида шаҳардан чиқаверишда, тўхтатиб қолинган.

-  Қанақасига? Машинани эшигини қандай оча олади?

-  Қулфланмаган экан. Эгаси беш дақиқага кираману чиқаман, деб беркитмабди. Сиздай одамнинг боласи...

-  Қонуний чора кўринг, тавбасига таянтиринг...

Уйда хотини хуноб қилди. Бу унга оғир ботди.

-  Сен талтайтиргансан, - дея унга ўшқирди. – Аралашмайман. Бурнига сув кирсин.

Биринчи бор ҳуқуқбузарлик қилган Аслиддин ва шериги афв этилди. Йигитча тавба-тазарру қилиб, отасидан қайта-қайта узр сўради. “Спиртли ичимлик ичмайман. Дарсларни, машғулотларни қолдирмайман”, дея ваъда берди.

-  Дада дипломни ювяпмиз. Курсдошлар пул йиғиб, ўтириш қиляпмиз.

-  Тағин бир балони бошлайсанми? Бормайсан.

-  Ўртоқларимдан ажралиб қолмай.

Ўтириш қизиганда кўз остига олиб юрган курсдоши Замирага Акбар тегажоғлик қилаверди. Аслиддин унга юзланди.

-  Ташқарига чиқайлик.

-  Чиқсак чиқаверамиз, - деди Акбар илжайиб. – Ишқилиб, дадажонингга арз қилмайсанми?

Аслиддиннинг ғазаби қайнади. Бехос уни уриб йиқитди. Бошига, бўйнига, дуч келган жойига тепаверди. Бир зумда, ажратиб қўйгунларича Акбар қонга беланиб, хириллаб қолди. Шифокорларнинг муолажалари бесамар кетди. Акбар ҳаётдан кўз юмди.

“Менинг унақа болам йўқ”. Шерғози судга бормади. Боласи тимсолида ўзига ўқилган ҳукм қаддини дол қилди.

***

“Қизи онасини пичоқлабди”. Шум хабар тез тарқалади. Ўтган йил сентябрь ойининг ўрталарида, Фарғона шаҳрининг Қиргули даҳасида суд-тергов амалиётида камдан-кам учрайдиган, ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган фожиа юз берди. Катта хонадон бошига оғир мусибат тушди.

Қўштепалик Мавлонжон рафиқаси Маҳбубахон билан тўрт қиз, икки ўғилни вояга етказишган. Бир ўғилни уйлантириб, икки қизларини турмушга узатишган. Бироқ ўртанча қизининг рўзғори бузилган. Турмушидан ажраган қизи, турмушга чиқмаган қизлари ва кенжа ўғил билан Қиргулидаги кўпқаватли бинода, ижарада олинган хонадонда яшаб келишган.

Соғлиғини йўқотган Мавлонжон ишламайди, турмуш ўртоғи уй бекаси. Фарзандларининг доимий иш жойи йўқ, бир марталик иш билан тирикчиликларини ўтказишади. Кенжа, эрка қиз Санамхон қўлини совуқ сувга урмайди, дарсликлардан бошқа китоб мутолаа қилишга, бадиий асарларни ўқишга ҳуши йўқ. Овунчоғи – видео, бўш қолди дегунча, турли видеофильмларни томоша қилади. Воқеасидан ҳам кўра турфа хил жиҳозлари, либослари, тақинчоқларига маҳлиё бўлади. Буюмпарастлик шуурига сингиб боради.

2013 йилнинг декабрида Санамхонга қариндошлари совчи қўйишади. У хорижда яшовчи қариндошига тегишга кўнмайди. Бироқ ота-онасининг “Йигирма тўртга кириб қолдинг. Бошқа биров сўрамай қўйди, қариқиз бўлиб ўтирмагин”, деган насиҳатлари туфайли розилик билдиради. Қўшни Қирғизистон Республикасида яшовчи қариндошларининг ўғлига турмушга чиқади. Бироқ эри ва қайнонаси билан ўзаро келишмовчиликлар туфайли ота-онасининг уйига қайтиб келади. Кўч-кўрони эса қайнонасининг уйида қолиб кетади.

-  Сиз мени бадбахт қилдингиз! Қариқиз бўлиб ўтирганим яхши эди, - деб онасининг дилини хуфтон қилиши одат тусига киради. – Кўчимни олиб келиб беринглар. Бошқа ижара уйда, алоҳида туравераман, - дея жанжаллашаверади.

- Нарсаларингни олиб келиш қочмайди. Ҳали ярашиб ҳам оларсизлар. Ҳарқалай, бегона эмас, қариндош, - деган насиҳатларини қулоғига олмайди.

Можаролар ота-онасининг соғлиғини емираётганини хаёлига келтирмайди, кўч-кўрони собиқ эрининг уйида қолиб кетганигина буюмпараст қизнинг ич-этини кемиради. Онаизорнинг “ҳай болам, нарса топилади, дадангни аягин”, деган гапларига “сизлар менга нима қилиб қўйдиларинг. Уйда еб-ичиб ётишдан бошқа нарсага ярамайсизлар”, дея баттар бетгачопарлик қилаверади.

Шу тариқа газаклаб борган яра охир-оқибат ёрилди. 2016 йил 13 сентябрь куни кечки пайт дастурхон тузашди. Маҳбубахон овқатни дастурхонга қўйди.

-  Сиз пиширган ошни ичмайман, - дея Санамхон ошхонадан картошка олиб чиқиб арча бошлади. Она-бола ғижиллашиб қолишди. Гап яна унинг кўч-кўронига тақалди.

-  Келинлик кийимларим қариндошингизникида қолиб кетди. Бошқа атлас кўйлак олиб бераман, деб мени яна алдадингиз, - Санамхоннинг оғзидан тупук сачради.

-  Илоё ўша нарсаларинг билан қўшмозор бўл! Ер ютсин сани!

-  Мени эмас, сени ютади, - Санам шундай деб пичоқни онасининг бўйнига тиқди. Отаси ажратишга уринганида эса “мана сенларга” дея онасига яна пичоқ санчди. Отаси чақирган қўшнилар кирганида у қўшни хонадаги телевизор қаршисида тош қотиб ўтирган эди. Қўшниларни кўрди-ю, кўчага югурди. Маҳбубахон шифохонада жон берди. Нима қилса ҳам барибир жигар экан, суд мажлисида ота қотил қизига енгиллик беришни сўради. Кўзи очиқ бўлса-да, дили сўқир Санам Илёсова узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.