Associated Press (AP) ахборот агентлиги ўзининг Германиядаги 1933-1941 йиллардаги фаолияти бўйича 160 саҳифалик тадқиқотни чоп этди. 

AP АҚШ 1941 йилда Иккинчи жаҳон урушига қўшилганда Германиядан ҳайдаб чиқарилган. Тадқиқот муаллифлари ахборот агентлиги архивлари ва АҚШнинг ҳарбий ҳужжатларидан фойдаланишган.

Тадқиқотга хулосада ахборот агентлигининг Германиядаги фаолияти "мустақил ва иложи борича холис бўлгани" айтилган.

Бироқ муаллифлар агентлик баъзи вазиятларда хатоларга йўл қўйганини қайд қилишган.

Жумладан, агентлик ўз суратларининг нацистлар томондан ташвиқот мақсадида қайта чоп этилишига қарши чиқиши ва нацистликни очиқчасига қўллаб-қувватловчи ва унинг тарафдорларини ишга олмаслиги мумкин эди.

Ҳисобот тайёрланишига немис тарихчиси Харрит Шарнбергнинг танқидий мақоласи сабаб бўлди. Тарихчининг таъкидлашича, ахборот агентлиги нацистликни тарғибот қилишда кўмак кўрсатган.