Бугун, 10 май куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Тошкент халқаро аэропортида меҳмонларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Стефан Приснер жаноблари кутиб олишди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (ИҲОКБ) делегациясининг 2017 йил 10-12 май кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон билан ИҲОКБ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, шунингдек, томонларни қизиқтирган соҳаларда келгусидаги алоқалар ва ҳамкорлик йўналишларини аниқлаш масалалари муҳокама этилади. 

БМТ Радиоси хабар беришича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Зайд Раад ал-Ҳусайн, инсон ҳуқуқлари бўйича дунёдаги вазият ҳақида маърузани тақдим этар экан, Ўзбекистоннинг муваффақиятларини алоҳида таъкидлаб ўтган. Унинг фикрича, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев суд-ҳуқуқ тизимини самарадорлигини оширишга ҳамда адолатли ва мустақил суд жараёнларини ташкил этишни таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қиляпти.

“У 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишларидан бири сифатида қонун устиворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш белгилаб қўйилганлигига юқори баҳо берди”, деб хабар беради “Жахон” АА.

Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инсон манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ бўлган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Олий комиссарнинг фикрича, ушбу ташаббуслар юқори халқаро андозалар талабларига жавоб беради ва мамлакатни ўзининг ҳамкорлари билан устувор мақсадлардан бири бўлган халқнинг фаровонлигини ошириш йўлида мулоқот учун очиқлигидан далолат беради. У Ўзбекистонга Ҳаракатлар стратегиясининг тегишли қисмларини ҳаётга татбиқ этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Олий комиссар Ўзбекистоннинг БМТ ҳуқуқни ҳимоя қилиш тузилмалари билан ҳамкорлиги ҳақида ижобий фикр билдирди.

Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифи томонлар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамланишига олиб келади ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро алоқаларининг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш учун шароит яратади.