10 май куни «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг шогирди, «Ислом ота» жомеъ масжидининг имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг «Хатми Қуръонга марҳабо!» китоби ҳамда «Қуръон тартили» сабоқларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тақдимот маросимига Ўзбекистоннинг дин пешволари, уламолар, қорилар ва бошқа кўплаб меҳмонлар ташриф буюрди. Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг раиси, муфтий Усмонхон Алимов Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло қори, «Ислом ота» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқулов ҳамда бошқа кўплаб меҳмонлар янги қурилган «Ҳилол-нашр» марказий савдо дўкони ҳамда босмахона мажмуаси билан танишишди.

Фото:  muslim.uz

Муфтий Усмонхон Алимов мазкур тадбирда сўзга чиқар экан шундай деди:

“Ҳозирда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг «Таҳфизул-Қуръон» бўлимида қорилар етишиб чиқмоқда ва юртимиздаги масжидларда ташкил қилинаётган хатми Қуръонларда фаол иштирок этмоқда. Бундай қориларни етиштирадиган даргоҳларга яна эҳтиёжимиз бор, иншооллоҳ, бу борада ҳам яхши ниятларимиз, режаларимиз бор. Жумладан, Президентимиз раҳбарлигида Бухородаги «Мир Араб» мадрасасини «Олий мадраса» қилиш лойиҳаси ишланяпти. Унда ҳам Маъҳаддаги каби «Таҳфизул Қуръон» кафедраси бўлиши режалаштириляпти. Бу ҳам яна бир Қуръон даргоҳи бўлади. Аллоҳ насиб қилса, яна кўплаб хайрли ишлар амалга ошади”.

Тадбирда иштирок этган Исмоил Муҳаммад Юсуфнинг таъкидлашича, оталари шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсир Ҳилол» ҳамда «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумининг катта қисми Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларидаги кутубхоналардан жой эгаллайди.  Бу масалада маҳаллий Ҳарамайн мактабаси билан келишувга эришилган.  “Бундан буён дунёнинг турли чеккаларидан ҳаж ва умра сафари ниятида икки ҳарамга борган ҳожиларимиз устозимизнинг китобларини ўз она тилларида ўқиб, улардаги илм-маърифатдан баҳраманд бўлишлари мумкин бўлди. Куни кеча китоб карвонининг биринчи қисми «Ўзбекистон почтаси» орқали Саудия Арабистонига жўнаб кетди”, деди Исмоил Муҳаммад Юсуф.

Фото:  muslim.uz

Тақдимот якунида муаллиф барча меҳмонларга эсдалик ҳадяларини топширди, мухлисларнинг илтимосига биноан янги китобга дастхатлар ёзиб берди.

Фото:  muslim.uz
Фото:  muslim.uz
Фото:  muslim.uz
Фото:  muslim.uz
Фото:  muslim.uz
Фото:  muslim.uz