Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси (ФИФА) Кенгаши 2026 йили ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида конфедерациялар учун ажратилган квоталарни тасдиқлади. Энг кўп ўрин Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) га тақдим этилади — 16 та йўлланма, деб хабар қилинади ФИФА расмий сайтида.

ФИФА Кенгашининг мажлиси сешанба куни Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида бўлиб ўтди.

Мажлисда ФИФА кенгаши бюросининг таклифи ратификация қилинди. Унга кўра конфедерациялар ўртасидаги ковталар қуйидаги тарзда тақсимланган:

ОФК (Осиё) – 8,5 квота;
КАФ (Африка) – 9,5 квота
КОНКАКАФ (Шимолий ва Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси давлатлари) — 6,5 квота;
КОНМЕБОЛ (Жанубий Америка) — 6,5 квота;
ОкФК (Океания) — 1,5 квота;
УЕФА — 16 та квота.

Мезбон давлат квотаси автоматик равишда у тааллуқли бўлган конфедерация квотаси ичидан олинади.

2026 йилги жаҳон чемпионати янгича форматда — 48 та терма жамоа иштирокида ўтказилади. Иккита етишмаётган квота қитъалараро турнирда ўйналади. Унда УЕФАдан ташқари ҳар бир конфедерациялардан биттадан жамоа иштирок этади ва қўшимча равишда мезбон аъзо бўлган конфедерациядан яна битта жамоа қўшилади.

Квоталарнинг якуний тасдиғи 11 май куни Манамада ўтаётган ФИФА конгрессида ўтказилиши керак.