«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Златан Ибраҳимович тиззасидаги жароҳати туфайли 30 миллион фунт йўқотган бўлиши мумкин.

Daily Mirror хабарига кўра, ушбу мавсумда 28 гол урган бу швециялик ҳужумчи келишуга кўра, мавсумда урган голлари сони 36та бўлганида қўшимча 2 миллион фунтга яқин бонус олган бўларди. Бундан ташқари, унинг шартномасида агар у Англиядаги биринчи мавсумда (у билан бир йиллик шартнома тузилганди) 31та ўйинда майдонга тушса ёки жамоа мавсумни учликда якунласа, шартномани автоматик равишда яна бир йилга узайтириш банди белгиланганди. У жароҳат олиб сафдан чиққунга қадар 27та ўйин ўтказганди. Манчестерликлар жамоаси айни вақтда бешинчи ўринда бормоқда.

35 ёшли футболчининг ҳафталик маоши миқдори 367,6 минг фунт (йилига 19,11 миллион фунт). 

Агар футболчи кейинги мавсумда ҳам жамоада қолгудек бўлса, унга ЕЧЛдаги иштирок учун ҳам бонуслар белгиланганди: чорак финал учун 500 минг фунт, ярим финал учун 1,25 млн фунт, финал учун 2,75 млн фунт, финалдаги ғалаба учун 5,25 млн фунт.

Шу тариқа у жароҳати туфайли 30 миллион фунтга яқин маблағ йўқотган бўлиши мумкин.

Ибраҳимович Европа Лигасининг чорак финалида «Андерлехт»га қарши (2:1) ўйин вақтида жароҳатланган ва мавсум охирига қадар сафдан чиққанди.