Миср полицияси Қоҳира халқаро аэропортида самолётни портлатиш билан таҳдид қилган йўловчини ҳибсга олди. Бу ҳақда аэропорт маъмурияти маълум қилди.

Эркак аэропортга Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридан келган ва бомба портлатиши билан парвоз вақтидаёқ таҳдид қила бошлаган. Саудия Арабистонининг Flynas авиакомпанияси самолёти сардори эҳтимолий террорчи ҳақида ердаги хизматларни огоҳлантирган. Шу сабабли аэропортнинг хавфсизлик хизмати юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилган, полиция етиб келган. 

Ҳибсга олинган йўловчи 61 ёшли мисрлик бўлиб чиққан. Унинг ёнида на портловчи модда, на қурол аниқланмаган. "Террорчи" сўроқ вақтида самолётни нима учун портлатиш билан таҳдид қилганини тушунтириб бера олмаган. Ҳукумат уни психиатрик экспертизага юбормоқчи эмас, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Эркак қандайдир талаб қўйгани ва самолётда неча нафар йўловчи бўлгани ҳақида маълумотлар берилмаган.