Бугун Қозоғистон Парламенти Мажлисининг ялпи йиғилишида депутатлар ратификация акти – Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг қозоқ-ўзбек давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари ҳақидаги ҳукуматлараро Битимга тузатишларни кўриб чиқишади. Бу ҳақда 1news.uz хабар берди.

Аввалроқ, Ўзбекистон ва Қозоғистон 15 майдан М-39 трассаси бўйлаб автомобиль қатновини қайта тиклаши хабар қилинганди. Бу Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги масофани янада қисқартириш имконини беради. Давлат раҳбарининг 26 апрелдаги қарорига мувофиқ, 15 майдан ўзбек-қозоқ давлат чегарасидаги “Оқ олтин” ва “Малик” автойўл ўтказиш пунктлари иш бошлайди. Қарорда айтилишича, бу ўтказиш пунктлари фақатгина енгил автотранспорт учун очиқ бўлади. Бу пунктлар орқали тижорий юкларни олиб ўтиш тақиқланган.

Ўзбекистон фуқаролари енгиллаштирилган тартибда – чегара белгиларини қайд этмаган ҳолда ўтказилади. Шу билан бирга, шахсни тасдиқловчи, давлат чегарасини кесиб ўтишга ҳуқуқ берувчи ҳужжатлар мажбурий тартибда текширилади. Икки ўтказиш пунктида божхона назорати ҳам енгиллаштирилган тартибда, божхона декларацияларини тўлдирмаган ҳолда, транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва божхона текшириш орқали, бироқ уларни мажбурий равишда визуал текширувдан ўтказилган ҳолда бўлади.

Эслатиб ўтамиз, М-39 автойўли 2006 йилда ёпилганди, ҳамда шу орқали маҳаллий аҳолининг, хусусан Тошкент ва Самарқанд ўртасида ҳаракатланиши қийинлашганди. Тошкент аҳолиси йўл очилгач Самарқандга Жиззах орқали айланма йўлга кирмаган ҳолда боришлари мумкин бўлади ва масофа 89 км.дан 24,5 км.га қисқаради.