Президентнинг 2941-сонли қарори билан 2017/2018 ўқув йилида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталари тасдиқланди. Бу ҳақда norma.uz хабар берган.

Ҳудудий бандлик тузилмаларини, меҳнат бозорида ишчи кучига талаб ва таклифнинг мувозанатини танқидий таҳлил қилиш асосида, шунингдек академик лицейлар босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантирилишини инобатга олиб, келаётган ўқув йилига қатор ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари қайта ихтисослаштирилади. Уларнинг рўйхати ушбу ҳаволада келтирилган.

Тасдиқланган қабул қилиш квоталарига биноан 2017/2018 ўқув йилида мамлакатдаги академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари умумтаълим мактабларининг 467 019 нафар битирувчиларини қабул қилади. Шу тариқа, умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари республикадаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишга тўлиқ қамраб олинади.

Қабул қилишнинг умумий параметрлари, шунингдек ҳудудлар кесимида қабул қилиш квоталарини юклаб олиш.

Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 1 майдаги 251-сон қарори билан «Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисида низом»га ўзгартиришлар киритилган.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида гуруҳларни тўлдириш қуйидагича табақаланди: академик лицейларда — 26 нафаргача, касб-ҳунар коллежларида — 30 нафаргача ўқувчилар доирасида.
 
Шунингдек, академик лицейлар битирувчиларига диплом билан биргаликда махсус чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассислик бўйича давлат намунасидаги сертификат берилиши белгиланди. Мазкур ҳужжат лицей ёки коллежни тамомлаганлик тўғрисидаги диплом билан бир қаторда ОТМга ўқишга кириш ёки ишга жойлашиш ҳуқуқини беради.
 
Эслатиб ўтамиз, бундай мутахассисликлар рўйхати президентнинг шу йил 14 мартдаги 2829-сонли қарори билан тасдиқланган.