Фаластин ҳудуди аҳолиси Pizza Hut'нинг Исроил бўлимини "Фатҳ" ва "Хамас"нинг оч-наҳор террорчилари устидан кулишга уринишда айблади. Яқин Шарқнинг қисман тан олинган давлатидаги баъзи фуқаролар пиццерияларнинг бутун дунёдаги тармоқларига бойкот эълон қилишга чақирди. "Ал-Жазира"да шу ҳақида хабар берилди. 

9 май куни Pizza Hut'нинг Исроил бўлими Facebook'да бир неча ўн терактларни уюштириш ва беш қотилликда айбланган жангарилар етакчиси Марван Баргутийнинг  суратини чоп этди. Исроил Қамоқлар бошқармаси маълумотларига кўра, Баргутий печенье ва шоколад истеъмол қилиб, очлик аҳдини икки марта бузган.

Франшиза вакиллари Исроил ҳукумати томонидан чоп этилган видеодан кадр олиб, уни бироз таҳрирдан ўтказишди. Ушбу сурат Pizza Hut маҳсулотига ўтишни таклиф қилувчи фирма қадоғидаги пицца бўлаги тасвири ёнига қўшилган.

Фаластинликлар Pizza Hut'ни оч-наҳор маҳбуслар ортидан пул ишлашда ва ирқчиликда айблашди ҳамда пиццериялар трансмиллий тармоғига бойкот эълон қилишга чақиришди. 

"Бойкот, бегоналашув ва санкциялар" халқаро аксилисроил ҳаракати Twitter фойдаланувчилари ташаббусини қўллаб-қувватлади. 

Охир-оқибат Pizza Hut саҳифаси муҳаррирлари бу тасвирни ўчириб, фолловерлардан узр сўрашди. Улар шунингдек чоп этилган ёзув бренд қадр-қийматига мувофиқ эмаслигини айтишди.