Халқаро олимпия қўмитаси 2008 ва 2012 йилларда Пекин ҳамда Лондон шаҳарларида ўтказилган Олимпиадаларда иштирок этган 63 спортчида допинг аниқлади. Бу ҳақда Норвегиядаги NRK телеканали сайтида хабар қилинди.

Допинг тест натижалари ижобий чиққан 63 спортчидан 15 нафари бу олимпиадаларда олтин медаль олган спортчилардир.

Допинг тест натижалари ижобий чиққан спортчилар орасида Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Баҳрайн, Хорватия, Туркия, Арманистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Молдавия, Украина, Грузия, Ямайка, Хитой, Греция, Испания, Куба, Германия ва Қатар вакиллари бор.

Бундан олдинроқ ХОҚнинг коммуникациялар бўйича комиссияси аъзоси Ален Люнценфихтер ўз твиттери орқали 2008 ва 2012 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этган 182 нафар спортчининг допинг намунаси ижобий натижа бергани ҳақида ёзганди. Уларнинг 103таси енгил атлетикачилар ва 50таси оғир спорт турлари билан шуғулланувчилар орасида аниқлангани айтилганди.

ХОҚ спортчиларнинг допинг намуналарини сақлаш муддатини саккиз йилдан ўн йилга узайтириш хусусида қарор қабул қилганидан сўнг, 2008 йилдан бошлаб барча намуналар қайта текширилиши ҳақида эълон қилган эди. 

Маълумот учун, Ўзбекистон 2008 йилги Пекин Олимпиадасига 56 нафар спортчи юборган, унда 1 олтин (Артур Таймазов), 2 кумуш (Абдулло Тангриев, Сослан Тигиев) ҳамда 3 бронза (Антон Фокин, Ришод Собиров, Екатерина Хилько) қўлга киритилганди.

2012 йили Лондон шаҳри мезбонлик қилган Олимпиадада эса 53 нафар спортчи Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Якунда битта олтин (Артур Таймазов) ҳамда иккита бронза медаль олинди (Ришод Собиров ва Аббос Атоев). Сослан Тигиев олган бронза медаль эса 2012 йили допинг туфайли қайтариб олинган ва бошқа спортчига берилганди.

Сайт хабарига кўра, Ўзбекистоннинг 2008 йилги Олимпиадада қўлга киритилган битта олтин ва битта кумуш медали шубҳа остида - Артур Таймазов ва Сослан Тигиев.