Вашингтоннинг жорий йил июнида Жанубий Кореядаги америкалик фуқаролар эвакуацияси бўйича машқлар ўтказиш ҳақидаги қарори “урушнинг бошланиши”. Бу ҳақда КХДР маълум қилди. Пхеньяннинг бундай позицияси “Нодон синмун” газетасида эълон қилинди ҳамда у Вашингтоннинг июнда, яъни, одатдагидан икки ой вақт аввал америкалик фуқаролар, жумладан ҳарбий хизматчиларнинг Жанубий Кореядаги оиласи эвакуацияси бўйича машқлар ўтказиш ҳақидаги қарорига жавобан билдирилди.

Бундай қарор “Пхеньянни қўрқитишни мақсад қилган” ҳамда “АҚШ исталган пайтда урушга кириши мумкинлигини” кўрсатади, дея таъкидлайди нашр. "Нодон синмун"нинг огоҳлантиришича, Вашингтон "фақатгина Жанубий Кореяда бўлганлар хавфсизлиги ҳақида эмас, балки АҚШнинг қитъа қисмидаги юз миллионлаб америкаликларни қутқариш бўйича чоралар кўриши керак".

АҚШ ва КХДР дипломатик муносабатларга эга эмас. Улар ўртасида сиёсий даражада узоқ йиллар давомида кескинлик бор. Вашингтоннинг Пхеньяндаги манфаатлари Швеция элчихонаси томонидан тақдим этилади.

Давлат департаменти эса Шимолий Кореяда АҚШнинг тўртинчи фуқароси қўлга олинганидан сўнг америкаликларни бу давлатга бормасликка чақирди.

"Давлат департаменти АҚШ фуқароларига Шимолий Кореяга бормасликни тавсия этади, - дея таъкидланади давлат департаментининг сешанба куни тарқатилган хабарида. – Шимолий Кореяда АҚШ фуқаролари ҳибсга олиниш ва узоқ вақт қамоқда сақланиш бўйича жиддий хатарга дуч келмоқда".

Аввалроқ, ушбу мамлакатда 6 май куни АҚШнинг асли келиб чиқиш кореялик бўлган фуқароси Ким Хак Сон қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Уни қўпорувчилик фаолиятига алоқадорликда гумон қилишмоқда.