Бугун рус оилаларининг 6,5 фоизи – кўп фарзандли. Шу билан бирга, улар мамлакатдаги болаларнинг қарийб 20 фоизини вояга етказмоқда. Россия демография, миграция ва минтақавий ривожланиш институти директори Юрий Крупнов уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Россия президенти Владимир Путинга “Кўп фарзандли оилалар мақоми тўғрисида”ги федерал қонун концепцияси лойиҳасини тақдим этмоқчи. Ҳужжат болаларни тарбиялаш бўйича фаолиятни меҳнат стажига тенглаштириш, коммуникацияларга эга ер ҳудудини бепул бериш, шунингдек, Россияда кам фарзандлилик учун солиқ киритишни назарда тутган, деб ёзмоқда «Известия» нашри.

Қонун лойиҳасида кўп фарзандли оилаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуаси бор. Ҳужжат экспертлик ҳамжамияти билан биргаликда ишлаб чиқилди. Юрий Крупновнинг «Известия»га айтишича, қонун лойиҳаси мақсади – Россияда кўп фарзандли оилалар мақомини ўзгартириш ва ошириш, ҳамда шу орқали демографиядаги муаммоларни 2030 йилга келиб ҳал қилишдан иборат.

Крупновнинг сўзларига кўра, қонун келажакда меҳнат ресурслари ва мамлакат мудофаа имконияти билан боғлиқ муаммоларни ечишга кўмак бериши лозим.

Қонун концепцияси кўп фарзандли оилаларни уч тоифага бўлишни назарда тутади: кам таъминланганлар (давлат таъминотида), ўзига тўқлар (қисман давлат таъминотида) ва бадавлатлар. Бу қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни дифференциялаш ва уларни максимал тарзда манзилли қилиш имконини беради. 

Тўланадиган пул маблағлари ҳажмини болалар сонига қараб белгилаш таклиф этилмоқда: уч-тўрт нафар фарзанди бор оилаларга 25 минг, беш-ўнта бола бўлган оилаларга – 45 минг, саккиз ва ундан ортиқ фарзанди бўлганларга – 100 минг рубль.

Шунингдек, аниқ буюмлар ёки хизматларни тақдим этиш орқали ҳам қўллаб-қувватлаш таклиф этилмоқда (мусиқа асбоби, консерватория ёки фитнес-клубга абонемент, туристик йўлланма). Шу билан бирга, болаларга қараш бўйича фаолият умумий меҳнат стажига киритилиши керак. 

Уй-жой билан боғлиқ масалада ҳам қатор чора-тадбирлар бор. Қонун лойиҳаси муаллифлари кўп фарзандли оилаларга ҳаёт сифати нуқтаи назаридан анча ривожланган аҳоли пунктлари – демографик келажак шаҳарчаларига кўчиб ўтиш ҳуқуқини беришни таклиф этишмоқда. 

Бундан ташқари, кам фарзандлилик учун махсус солиқ киритиш ҳам таклифда бор (тиббий хулосага кўра, фарзанд кўриши мумкин бўлган ҳолда буни истамайдиганлар ва бир фарзандли оилалар учун) – унинг ҳажми ҳозирча белгиланмади.

Бироқ, қатор мутахассислар фикрича, бундай солиқ яхши натижа бермайди ва бу ғояни ҳаётга татбиқ этиш деярли имконсиз. Маълумотларга кўра, бу фарзанди йўқ инсонларни қонунга қарши қилиб қўяди. Экспертларнинг айтишича, бу солиқнинг ўрнига бошқа услубни қўллаш керак – масалан, уй-жой билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш.