Апрель ойининг сўнгги ҳафтасида Samsung компанияси илғор смартфонларининг Россиядаги савдоси 54,9 фоизни ташкил этган, Apple компанияси Россия мобил телефонлар бозорида 43,4 фоиз улушга эга бўлган. GfK компанияси маълумотлари шундан дарак бермоқда.

Бир йил муқаддам, "Евросеть" компанияси маълумотларига кўра, Galaxy S7 смартфони сотилиши бошланганида Samsung бозорда 41 фоиз улушга эга бўлган. Apple кўрсаткичи 57 фоизни ташкил этган. 2015 йилда бу нисбат Apple фойдасига 74га 24дан иборат бўлган.

Эътиборли жиҳати шундаки, Samsung телефонлари савдоси Galaxy S8 ва S8+ смартфонлари Россия бозорида пайдо бўлмасдан аввалроқ кўтарила бошлаган. Апрель ойи ўрталарига келиб, бу рақам 9 фоизга ошган, ой охирида бу фарқ оз эмас, кўп эмас 35 фоизни ташкил этган. Apple савдо ҳажми эса 24 фоиз тушиб кетган. 

"Финама" фирмаси таҳлилчиси Тимур Нигматуллинга кўра, вазиятни иқтисодий сабаблар билан изоҳлаш мумкин. 

“Рубл курсининг мустаҳкамланиши ва кредит олиш осонлиги қиммат қурилмаларга бўлган талабнинг ошишига олиб келди”, — деган Нигматуллин "Коммерсант" нашрига. 

Бироқ, Mobile Research Group етакчи таҳлилчиси Элдор Муртазиннинг фикрича, бугунги кунда iPhone телефонлари Samsung маҳсулотларига деярли ҳар жабҳада, қиймат ва техник тавсифлар борасида ҳам имккониятни бой бермоқда. 

“Apple улуши йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бу аллақачон трендга айланган. Apple қурилмалари Samsung телефонларига кўпгина техник тавсифлари бўйича ютқазмоқда. Қолаверса, фойдаланувчилар бир хил дизайндан зерикишди”, — деган фикрни илгари сурмоқда Элдор Муртазин.

Унинг фикрича, Apple янги iPhone пайдо бўлгунича Samsung компаниясига ўрнини бўшатиб беради.