Туниснинг Сусс шаҳрида Сербиянинг Ливиядаги элчиси Оливер Потежица йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жароҳат олди. Сербия ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинишича, дипломат жароҳатлар билан шифохонага етказилган.

Маълум қилинишича, элчининг аҳволи оғир дея баҳоланмоқда. Шифохонада уни кўргани Сербия ташқи ишлар вазирлиги бош котиби Велько Одалович келган. Таъкидланишича,  Потежица Суссда "Триполидаги элчихона иши учун зарур бўлган" хизмат сафари билан бўлган.

Тунис соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Сербия элчихонаси элчининг соғайиб кетиши учун барча ёрдамни кўрсатмоқда. Шифокорлар дипломат ҳаёти учун курашмоқдалар.

Авария қандай юз бергани номаълумлигича қолмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, ЙТҲ бир неча кун аввал юз берган. Потежица автомобилни ўзи бошқараётган вақтда машина тўсатдан йўлдан чиқиб кетган.

Полиция воқеанинг барча версияларини, жумладан террорчилик ёки жиноий гуруҳлар томонидан ҳужум уюштирилган бўлиши мумкинлигини кўриб чиқмоқда.