Америка Миллий хавфсизлик хизмати собиқ ходими Эдвард Сноуден АҚШ президенти Доналд Трампнинг ФҚБ директори Жеймс Комини лавозимидан четлатиш қарорига муносабат билдирди. У мамлакат фуқароларини президентнинг бу қарорига қарши чиқишга чақирган.

«ФҚБнинг бу директори кўп йиллар давомида мени сиёсий фаолиятим учун қамоққа олишга уринди. Агар мен унинг истеъфосига қарши чиқа олсам, демак сиз ҳам қарши чиқа оласиз», — дея ёзган у твиттерида.

Унинг сўзларига кўра, «ҳар бир америкалик ФҚБ ишига бундай сиёсий аралашувни қораламоғи керак».

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) директори Жеймс Комини ишдан бўшатгани хабар берилган эди. Трамп бу қарорини Коми ўз мажбуриятларини самарали равишда бажаришга қодир эмаслиги билан изоҳлаган.

Коми бу лавозимга аввалги президент Барак Обама томондан 2013 йилда 10 йиллик муддатга тайинланганди. Коми бу муддатни тўлиқ ишлашни режалаштирганди.

Коми Трампга қарши унинг «Россия билан алоқалари» юзасидан текширув олиб бораётган эди, унинг бундай алоқаларини Оқ уй ҳам, Кремль ҳам рад этади.

Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэй бу истеъфо Россиянинг АҚШдаги президентлик сайловларига аралашгани билан алоқадор эмаслигини маълум қилган.