Telegram мессенжери Windows, Linux ва macOS’га мўлжалланган десктоп илова альфа-версиясида қўнғироқлар функциясини ишга туширди. Иловани Telegram сайтидан юклаб олиш мумкин.

Бошланғич версияда бошқа фойдаланувчиларга қўнғироқ қилиш мумкин, шунингдек, сўнгги қўнғироқлар рўйхати ва қўнғироқларни яшириш учун созламалар бор. Telegram Desktop қўнғироқ пайтида, илованинг мобил версиясидаги каби, қўнғироқ ойначасида тўртта эмодзини кўрсатади, уларни суҳбатдош билан солиштириш ва мессенжернинг шифрлаш ишига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Иловада товушни киритиш-чиқариш учун ускуналар бошқаруви йўқ: масалан, vc.ru муҳаририятида функцияни синовдан ўтказишда қўнғироқ товуши фақатгина уланган қулоқчинлар ҳолатида колонкалардан келган, ҳамда бу муаммони тўғирлаб бўлмаган.

Фото: VC.ru
Фото: VC.ru

Telegram’нинг огоҳлантиришича, илова альфа-версияси беқарор ишлаши ҳам мумкин.

Барқарор версия учун аудиоқўнғироқлар қачондан ишга туширилиши номаълум. Telegram яратувчиси Павел Дуров иловада функция 2017 йилнинг апрелида пайдо бўлиши ҳақида тахмин қилганди, бироқ кейинчалик старт майга кўчирилди.