2017 йил 8 майда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида ФВВ, ИИВ, аэропорт хизматлари иштирокида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва фуқаро мудофааси бўйича кенг кўламли ўқув машғулоти ўтказилди. 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” матбуот хизматининг хабар беришича, ўқув машғулоти иштирокчилари тез ва ҳамжиҳатликда ишладилар. Унда қутқарувчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари техноген ва табиий ҳалокатларни бартараф этиш бўйича элементларни намойиш этдилар.

Шунингдек, машғулот давомида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва “Тошкент” аэропорти ходимлари фавқулодда вазиятларда биргаликда ҳаракат қилишни машқ қилишди. 

Ўқув машғулотлари натижасида аэропорт хизматларининг Ўзбекистон Республикаси ФВВ, ИИВ бўлинмалари билан биргаликдаги ҳаракатининг юқори даражаси қайд этилди.