АҚШ президенти Дональд Трамп Сурияда ИШИД террорчилик гуруҳига қарши жанг олиб бораётган курд қуролланган бўлинмаларини қурол билан таъминлаш ҳақидаги режани тасдиқлади, деб хабар беради Пентагон матбуот хизмати.

«Кеча президент мудофаа вазирлигига «Сурия демократик кучлари»нинг курд унсурларини ИШИД устидан Раққада ғолиб чиқишини кафолатлаши учун етарли барча нарса билан таъминлаш борасида ваколат берди», — дейилади хабарда.

Айни пайтда асосни курдлар ташкил этувчи «Сурия демократик кучлари» ИШИДнинг Суриядаги пойтахти — Раққани қуршаб олиш учун операция ўтказмоқда. Кечаги кунгача АҚШ ва унинг иттифоқчилари бу кучларни авиация ёрдамида қўллаб турган ва разведка ҳамда ҳарбий тайёргарлик борасида ёрдам бериб турган.

Курдларга қурол етказилиши эҳтимоли Туркиянинг қаттиқ норозилигини келтириб чиқарди, уларнинг фикрича, бу курд бўлинмалари «Курдистон ишчи партияси» билан мустаҳкам алоқада. Бу ташкилот Анқара ва Вашингтон томонидан террорчилик ташкилоти, деб тан олинган.

«Биз Туркиянинг АҚШнинг бу ҳаракатлари оқибатида ташвишланаётганини жуда яхши тушуниб турибмиз. Биз бу қурол-яроғларни муайян ҳарбий мақсадга эриш учун бермоқчимиз. Биз Раққани эгаллаш учун етарли бўлган маълум миқдордаги қуролларнигина етказамиз», — деган Пентагон матбуот хизмати вакили.

АҚШнинг ҳисоб-китобига кўра, курд ҳарбий бўлинмалари Суриянинг Раққа шаҳрини ИШИД террорчи жангариларидан озод этиб бўлганидан сўнг, шаҳарни бошқаришни маҳаллий араб аҳолисига топширади, деган Пентагондагилар РИА Новости’га.

«Биз «Сурия демократик кучлари»нинг курд унсурлари шаҳар озод этилгач, Раққани ташлаб чиқишади, деб ҳисоблаймиз. Шаҳарни маҳаллий аҳолининг аксарият қисми бўлмиш суриялик араблар бошқаради, деб кутмоқдамиз», — деди Пентагон вакили.

Унинг эслатишича, АҚШ айни пайтда курд бўлинмаларини «шаҳарни эгаллаш ва ИШИДни йўқ қилишга қодир ягона куч» сифатида кўрмоқда.

«Ўзларини ИШИД деб атовчи жиноий тўдани йўқ қилиш — асосий вазифамиз», — деган РИА Новости суҳбатдоши.