АҚШ президенти Доналд Трамп МҚБ (FBI) раҳбари Жеймс Комининг истеъфога чиқарилишига изоҳ билдирди.

Унинг айтишича, Коми кўпчиликнинг ҳурматини йўқотган ва бу орқали МҚБнинг ҳам мавқейи тушиб кетган.

«Коми Вашингтонда, республикачилар ва демократлар орасида ҳам ҳурматини йўқотган эди. Унинг ўрнини яхшироқ ишлайдиган ва фойдаси тегадиган одам эгаллайди. Умид қиламиз, янги келган одам МҚБнинг мавқейини тиклашга ҳисса қўшади. Ҳаммаси тинчиб кетганидан кейин ҳали менга раҳмат айтишади»,- деб ёзади Трамп ўзининг твиттердаги микроблогида.

10 май куни Коми ўз вазифасидан озод этилгани эълон қилинганди. Бу ҳақда унга телефон орқали хабар қилишган.

Коми бу лавозимга аввалги президент Барак Обама томондан 2013 йилда 10 йиллик муддатга тайинланганди. Коми бу муддатни тўлиқ ишлашни режалаштирганди.

Коми Трампга қарши унинг «Россия билан алоқалари» юзасидан текширув олиб бораётган эди, унинг бундай алоқаларини Оқ уй ҳам, Кремль ҳам рад этади.