Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлининг маълум қилишича, Суриядаги ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари (YPG) вакили бўлган, қўлида қурол тутган ҳар бир курд Туркия учун таҳдид ҳисобланади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатди.

Шу тариқа у Оқ уйнинг Сурияда ИШИД террорчилик гуруҳига қарши жанг олиб бораётган курд бўлинмаларини қурол билан таъминлаш ҳақидаги режасига муносабат билдирди.

Човушўғли YPG террорчилик ташкилоти экани, бу ташкилот «Курдистон ишчилар партияси» каби Туркия учун хавф манбаи экани, бу эса АҚШга маълум экани ҳақида гапирган.

Вазирнинг сўзларига кўра, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бу масалани Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашувда маълум қилмоқчи.

9 май куни Трамп ИШИДга қарши суриялик курдларни қуроллантириши ҳақида маълум қилинганди.