Венесуэлада апрел ойи бошидан бери 940та ҳукуматга қарши норозилик намойишлари ташкил этилди. "Ижтимоий зиддиятни кузатиш маркази" (OVCS) ноҳукумат ташкилоти маълумотларига кўра, кўчаларда ташкил этилган зўравонликларда 44 киши ҳалок бўлган. 

"OVCS  жорий йил 1 апрелидан 7 майигача 946 та норозилик намойишини рўйхатдан ўтказди, 44 киши ҳаётдан кўз юмди, - дейилади ташкилот баёнотида. – Бош прокуратура 36 кишининг ўлганини тан олди". Ноҳукумат ташкилотининг маълум қилишича, энг йирик намойишлар мамлакат пойтахти Каракасда, шунингдек, Арагуа, Карабобо, Лара ва Миранда штатларида ўтказилган. "Венесуэла жиноий форуми"га кўра, ушланганлар сони 1,7 минг кишидан ортиб кетган.

Венесуэлада кенг қамровли норозилик намойишларига мамлакат Олий судининг президент Николас Мадуро ваколатларини кенгайтиргани ва парламент рухсатисиз сиёсат юритишга рухсат бергани сабаб бўлди. Бундан ташқари, у Миллий ассамблея (парламент) ваколатларини ўз зиммасига олган эди. Кейинчалик, Олий суд мамлакат хавфсизлик кенгаши чақириғига риоя қилган ҳолда парламент ваколатларига доир қарорини бекор қилди. 

Вазиятнинг ёмонлашувига президент Мадуронинг давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қила оладиган ҳамда асосий қонунга ўзгартириш кирита оладиган Конституциявий ассамблеяни ташкил этишга қарор қилгани сабаб бўлди. Ушбу давлат органини ташкил этиш муддатлари ва овоз бериш жараёнига доир бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас. Шунга қарамай, давлат раҳбарининг сиёсий рақиблари ассамблея ишида иштирок этишдан бош тортишди. 

Минтақанинг қатор мамлакатлари – Аргентина, Бразилия, Гватемала, Ҳондурас, Колумбия, Коста-Рика, Мексика ва Парагвай ҳукуматлари "норозиликлар ташкил этган фуқароларга нисбатан ҳаддан ортиқ куч ишлатгани учун" Венесуэла ҳукумати ҳаракатларини қоралаган эди.