Америка ҳарбийлари 2016 йил ноябр ойида ИШИД гуруҳига қарши кенг қамровли киберҳужумни амалга оширди. Унда асосан гуруҳ аъзоларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига хуруж қилинган. Бу ҳақда The Washington Post (WP) газетаси ёзмоқда

Мақолада ёзилган маълумотларга кўра, АҚШ қуролли кучлари киберқўмондонлиги саҳифаларга кириш учун паролларни қўлга киритган. Бу эса жангарилар томонидан можаролар давом этаётган ҳудудларда тасвирга олинган видеоёзувларни ўчириш имконини берган. ИШИДнинг ташвиқот ишлари бўйича мутахассислари, шунингдек, ўзларининг тармоқ аккаунтларига кириш имконидан мосуво қилинган. Мазкур амалиёт "Жилоланувчи симфония" (Glowing Symphony) деб номланган бўлиб, собиқ мудофаа вазири Эштон Картер топшириғига биноан ишлаб чиқилган. 

Амалиёт режаси бошқа хизматлар ва бошқармаларнинг ташвишини уйғотган. "МРБ, давлат департаменти ва ФҚБ, ушбу амалиёт бошқа мамлакатларда ҳам ўша давлатлар ҳукуматларини огоҳ этмасдан ўтказилишидан хабар топгач, ўз норозиликларини билдира бошлаган. Чунки, бу кампания ушбу давлатлар билан жиноятчилик, разведка ва террорга қарши ҳамкорлик қилишни муракабблаштириши мумкин эди", - дейилади мақолада. 

Бу жараён бир ойдан кўпроқ вақт муҳокама қилинган. Муаммо шундан иборат бўлганки, айрим серверлар чегара ортида, мустақил ҳудудларда жойлашган. Пентагон эса, "ҳеч қандай зарар" бўлмаслигини айтган. Бунинг натижасида АҚШ 15 мамлакатни ўз режасидан огоҳ этган. Бироқ, амалиёт уларнинг 5-6тасида ўтказилган. 

Шундай қилиб, ИШИДга қари интернетдаги ташвиқот ишлари ноябр ойида бошланди ва 2017 йил ҳам давом этмоқда. Бунда АҚШ маъмурияти ушбу амалиётнинг муваффақияти борасида турлича фикрда. Мудофаа вазирлигига кўра, бу кампания "келажакка пойдевор қўйган". Разведка эса, ишидчилар шунчаки бошқа серверлардан фойдала бошлаганини таъкидламоқда.