Осиё велоспорт конфедерацияси (АСС) президенти Осама Аҳмад Ал Шафарнинг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.

Фото: Kun.uz

Бугун, 11 май куни Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси (МОҚ)да Осама Аҳмад Ал Шафар ва Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси масъуллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси томонидан спортни кенг миқёсда ривожлантириш, шунингдек, велосипед спортини янада ривожлантириш борасида кўплаб ишлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди. Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси конференциясининг қарорига мувофиқ, федерациянинг аввалги раҳбарияти ўзгартирилди. Ҳозирда Федерация фаолиятини янада ривожлантириш, Осиё ва жаҳон миқёсидаги алоқалар тиклаш юзасидан қатор ишлар амалга оширилди. 

Кун тартибидаги биринчи масала бўйича Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) велоспортчилари ҳамда Ўзбекистон велосипедчилар ўртасида икки томонлама ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиш, Ўзбекистон велосипедчилар терма жамоасининг натижадорлигини ошириш мақсадида БААда малака ошириш, тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалалари кўрилди. Бундан ташқари учрашув давомида Ўзбекистонда ва БААда машғулотлар ўтказиш юзасидан бир қатор таклифлар кўриб чиқилди.

Фото: Kun.uz

 

Кун тартибидаги иккинчи масала бўйича 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида минтақавий велоклуб очиш, минтақавий велоклубнинг моддий-техник базасини шакллантиришда Осиё велосипед конфедерацияси томонидан қўллаб-қувватлаш масаласи бўйича музокаралар олиб борилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2019 йилда велоспорт бўйича Осиё чемпионатини ўтказиш юзасидан Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Аҳмад Ал Шафар томонидан таклиф киритилди. Бу таклиф илиқ қабул қилиниб, ўрнатилган тартиб ва белгиланган меъёрлар асосида ўтказиш кераклигини таъкидлаб ўтилди.

Ташриф давомида велоспортга оид бир қатор ҳужжатлар имзоланди.

 

Велоспорт бўйича терма жамоа учун ўринбосар спортчилар саралаб олинмоқда