Мадриднинг «Реал» клуби Европа чемпионлар лигасининг 1/2 финалида икки учрашув натижасига кўра «Атлетико»ни мағлуб этиб (3:0, 1:2) финал йўлланмасини қўлга киритди.

Натижада «қаймоқранглилар» ЕЧЛ финалида кетма-кет иккинчи марта ўйнайдиган бўлишди. Ўтган мавсумда «Реал» «Атлетико»га қарши учрашувда ғалаба (1:1, пенальтилар бўйича 5:3) қозонганди.

Чемпионлар лигасининг янги формати ташкил этилганидан буён (1992 йилдан) ҳеч бир жамоа ушбу мусобақада кетма-кет икки марта ғалаба қозона олмаган.

Амалдаги чемпионлар келгуси мавсумда ҳам ЕЧЛ финалига чиқиши шу кунга қадар тўрт марта кузатилган – «Милан» (1995), «Аякс» (1996), «Ювентус» (1997) ва «Манчестер Юнайтед» (2009). Тўрттала финалда ҳам амалдаги чемпион мағлубиятга учраган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилдаги финал 3 июн куни Кардиффда бўлиб ўтади ва  унда «Реал»га «Ювентус» рақиблик қилади.