Жорий йилнинг 30 апрель – 7 май кунлари Тошкентдаги “Ўзбекистон” универсал спорт мажмуасида Халқаро бокс ассоциацияси – AIBA мусобақалар тақвимига киритилган катталар ўртасида Осиё биринчилиги бўлиб ўтди. Айтиш мумкинки, ушбу мусобақа нафақат барча ўзбекистонликларнинг, балки дунё аҳлининг ҳам диққат-эътиборида бўлди. Бунга ўзига яраша сабаблар бор эди, албатта. Чунки Рио-2016 Ўйинларида оламшумул жанг ўтказган ўзбек боксчилари ўз уйларида ўтаётган мусобақада қандай натижага эришиши барчани бирдек қизиқтирди ва айтиш мумкинки,бу қизиқишлар, ишонч ва ниятлар тўла ўзини оқлади. Ўзбекистон терма жамоаси 10та олтин медаль имкониятидан 9тасини қўлга киритиб, Осиёда янги рекорд қайд этди. 

Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (49 кг гача) ҳал қилувчи жангни мўғулистонлик Ган Эрдене Ганхуянгга қарши ўтказди ва якунда ғолиб чиқди. Дўстматов Осиё чемпионатининг ўз вазн тоифасида иккинчи бор тенгсиз бўлди. У, шунингдек, турнирнинг энг яхши боксчиси сифатида тан олинди. Ҳасанбой ушбу бокс кечаси ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашаркан шундай деди:

Фото: @AIBA_Boxing

“Тўғрисини айтганда бу унутилмас дақиқалар бўлди. Аввало, Ўзбекистон байроғини юқори кўтариш, шунингдек, ишончни оқлаш каби масъулият мусобақа олдидан одамни ҳаяжонлантирар эди. Аммо рингга кўтарилгач, ич-ичимдан юртдошларим, бутун Ўзбекистон мени қўллаб-қувватлаётганини сезиб турдим ва бу далда кучимга-куч қўшди. Ўйлайманки, мен ватандошларим ишончини яна бир карра оқладим, юртим байроғини баланд кўтардим. Шу ўринда, ушбу мусобақа ташкилотчиларига алоҳида миннатдорчилик билдираман. “Спорт” телеканали ушбу бокс кечасининг ҳар бир жангини тўғридан тўғри эфирга узатиб турди ва бу билан Ўзбекистон бокс ихлосмандларига ажойиб жангларни тақдим этди. Мен ўзбекистонлик барча бокс мухлисларига бизни қўллаб-қувватлаганликлари учун алоҳида миннатдорчилик билдираман”.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон вакиллари ўз рекордини ўрнатиш билан чекланмасдан, Осиё рекордини ҳам уришди. Терманинг энг оғир вазндаги вакили Баҳодир Жалолов қозоғистонлик Камишбек Конкабаевни енгди ва тўққизинчи олтинни нақд қилди. Осиё чемпионатида шу вақтгача ҳеч қайси терма жамоа 9та олтинни қўлга киритмаганди. Шу кунгача Осиё чемпионатларида икки марта (1965 Сеулда, 1987 йил Кувайтда) Жанубий Корея терма жамоаси 8тадан олтин медалга эга чиққанди. Ўзбекистон Осиё рекордини ўрнатган ҳолда Германиядаги жаҳон чемпионатига борадиган бўлди.

Турнирда Ўзбекистон 9та олтин медаль билан биринчи, Қозоғистон 1та олтин, 3та кумуш ва 4та бронза билан иккинчи, Ҳиндистон ва Мўғулистон терма жамолари эса 2тадан кумуш ва бронза медаллар билан учинчи ўринни бўлиб олишди.

Жаҳон чемпионати шу йилнинг 23 августидан 4 сентябрига қадар Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтади ва унда Ўзбекистон шарафини 10 нафар боксчи ҳимоя қилади (10 нафар боксчи орасидан фақатгина Санжар Турсунов чорак финалда енгилганди. Шунга қарамай, ўтиш учрашувида ғалаба қозонган Турсунов ҳам Германияда ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққан).