Bloomberg ахборот агентлиги 2016 йилда энг кўп даромад олган топ-менежерлар рейтингини чоп этди.

Унга кўра, рейтингнинг энг юқори поғонасини Jet.com стратапи асосчиси ва Walmart eCommerce U.S. ижрочи директори Марк Лор эгаллади. Унинг бундай натижага эришишига Jet.com’ни дунёдаги энг катта ретейлер бўлган Walmart компаниясига сотиши сабаб бўлди. 

Bloomberg ҳисоб-китобига кўра, Лорнинг 2016 йилдаги даромади 236 млн долларни ташкил қилган. У бу миқдордан 235 млн долларини Jet.com’ни Walmart’га сотишдан олган. Бу битим АҚШ тарихида электрон тижорат бозорида стартапни сотиб олиш бўйича энг йирик битим бўлди. Лор стартапни сотгач, Walmart’нинг электрон тижорат бўлимида юқори лавозимни эгаллади. Унинг маоши 346 минг долларни ташкил қилади.

2-ўринни Apple корпорацияси бош директори Тим Кук эгаллади. У бир йил ичида 150 млн доллар даромад олган. У бу пуллардан аксарият қисми – 141 млн долларни компания акцияларидан олган. Кукнинг 2016 йилдаги маоши эса 3 млн долларни ташкил қилган. 

3-ўринни Goldman Sachs банкининг собиқ вице-президенти, ҳозирда Evercore Partners Inc. компанияси директорлар кенгаши раиси Жон Вайнберг эгаллади. У ўтган йили 124 млн доллар ишлаб топган.

4-ўринни Google’га эгалик қилувчи Alphabet Inc. компанияси бош директори Сундар Пичаи эгаллади. Унинг ўтган йилдаги даромади 106,5 млн долларни ташқил килган. У бу суммадан 650 минг долларини гонорар, қолган 105,4 млн долларни акциялардан даромад сифатида олган.

Энг сердаромад топ-менежерлар юқори бешталигини Tesla Inc. бош директори Илон Маск якунламоқда. У 2016 йилда 99,7 млн доллар ишлаб топган. Маскнинг йиллик маоши 46 минг долларни ташкил қилган, у қолган даромадни мукофот тарзида олган.

Рейтингдан кейинги ўринларни IBM бош директори Жинни Рометти (96,7 млн доллар), Caesars Acquisition бош директори Митч Гарбер (91,1 млн доллар), Viacom’нинг осбиқ бош директори Филипп Дауман (87,8 млн доллар), CBS Corporation ижрочи директори Лесли Мунвс (83,6 млн доллар) ва Gamco Investors Inc. бош директори Марио Габелли (75,9 млн доллар) эгаллаган.