Бразилиянинг собиқ президенти Луис Инасиу Лула да Силвани сўроқ қилиш 5 соат давом этди. У коррупцияда айбланмоқда. Globo телеканалининг хабар қилишича, собиқ давлат раҳбари мамлакат жанубидаги Куритиба шаҳри суд биносини тарк этган. У бу ерда федерал судья Сержиу Моро саволларига жавоб қайтарган.

Шу муносабат билан шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Аввалроқ, Лула да Силва тарафдорлари ва рақиблари унинг сўроқ қилинадиган кунида намойишлар ташкил этишларини билдирган эди. 

Хусусан, собиқ президент тарафдорларининг митингида яна бир собиқ давлат раҳбари, Дилма Руссефф ҳам қатнашган. Эслатиб ўтамиз, Лула да Силвани ўзининг маънавий раҳбари деб билувчи Руссеффнинг ўзи ҳам коррупцияда айбланмоқда. 

Силва Гуаружа курорт шаҳрида жойлашган 3 қаватли хонадон иши бўйича тергов доирасида сўроқ қилинган. 2016 йил сентябрида собиқ президентга 3,7 млн реал (ўша вақтдаги курс бўйича 1,1 млн доллар)ни ноқонуний ўтказганлик айби илгари сурилди. Терговчиларнинг хулосасига кўра, Лула да Силва ҳашаматли кўчмас мулкнинг ҳақиқий эгасидир. Бу хонадон, терговчиларнинг фикрича, сиёсатчига Petrobras давлат нефт компанияси билан боғлиқ бўлган OAS қурилиш компанияси томонидан ҳадя қилинган.

Айни вақтда, Лула да Силва коррупция билан боғлиқ 5та жиноий ишда асосий айбланувчи ҳисобланади. Бразилия қонунчилигига биноан, агар собиқ президент иккинчи инстанциядаги суд томонидан юқоридаги ҳолатларнинг бирортасида айбдор деб топилса, сайловларга номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. 

Сиёсатчининг ўзи айбини инкор этар экан, барча жиноий ишларни "сиёсий таъқиб" деб баҳолаган. У, шу билан бирга, суд жараёнлари номзодини илгари суришга халақит бермаса, 2018 йилги президентлик сайловида даъвогарлардан бири бўлишини билдирди. Datafolha ижтимоий фикрни ўрганиш ташкилотига кўра, Лула да Силва учун сайловчиларнинг 29-31 фоизи овоз беришга тайёр. 

"Мен тирикман ва яна бир бор ушбу мамлакатнинг президенти бўлишга тайёрланаяпман. Бундан аввал, ҳозиргидек, президент бўлишни жуда ҳам хоҳламаганман", - дея Силва сўзларини келтиради UOL интернет портали. 

"Агар мен айбдор бўлганимда ва бирор нарсани яширганимда сизларнинг муҳаббатингизга лойиқ бўлмаган бўлардим. Агар сизларга ёлғон гапираётган бўлсам, ушбу мамлакат кўчаларидан бирида мени автобус босиб кета қолсин", - деган Силва ўз тарафдорлари митингида.