2017 йилнинг I чораги якунларига кўра, iPhone 7 дунёнинг энг харидоргир телефони дея эътироф этилди. Strategy Analytics тадқиқот компанияси шу ҳақида хабар берди. 

Apple илк уч ой ичида 21,5 миллион iPhone 7 қурилмасини сотган, бу сотилган барча смартфонларнинг 6 фоизини ташкил қилди. 

"Бугунги кунда iPhone 7 ўзининг бир қатор сифатлари - фойдаланишдаги қулайлиги, иловаларни кенг қўллаб-қувватлаши ва чакана савдодаги харидбоплиги сабаб дунёнинг энг машҳур смартфон модели ҳисобланади", - дейди Strategy Analytics'нинг катта таҳлилчиси.

Иккинчи ўринни iPhone 7 Plus эгаллади: I чоракда Apple бу моделдаги 17,4 миллион қурилмани сотишга муваффақ бўлган. Тим Кукнинг сўзларига кўра, смартфонга бўлган талаб шу қадар катта бўлганки, компания уни етказиб беришнинг аранг уддасидан чиққан.

Машҳурлик бобида учинчи поғона Хитойнинг Oppo R9s смартфонига насиб этди: уч ой ичида 8,9 миллион смартфон сотилган. 

Тўртинчи ва бешинчи ўринларни Samsung Galaxy J3 (6,1 миллион) ва Samsung Galaxy J5 (5 миллион) эгаллаган.