Инсониятнинг йўқ бўлиб кетиши ҳақида сўз очилса, масала ўз-ўзидан бирор-бир ресурснинг етишмаслиги ёки унинг чекланганлигига бориб тақалади. Бироқ мўл-кўлчиликни ҳам баъзида назарий рўйхатига қўшиб бўлмайди ва «одамларнинг ҳаддан зиёд кўпайганлиги» тушунчаси бу фикрни бошқаларига нисбатан ёрқинроқ ифодалайди. 7 миллиардлик ҳисобга эга инсоният ҳозир ҳам аҳён-аҳёнда ўзини бозорда идиш-товоқ растасига кириб қолган фил каби тутади, боз устига, иштаҳаси ҳам карнай, ҳам шинамлиликни севади. Умуман, ҳамма нарса ҳам шунга боғлиқмикан? Мана, биз нималарни аниқладик:

Чайнаш учун икки ажойиб иқтибос

Кунлардан бирида Лондондаги атроф муҳит муаммолари халқаро институти катта илмий ходими Дэвид Саттервайт шу мавзуга оид интервью бера туриб, деди: «Муаммо сайёрамиздаги инсонларнинг сонида эмас, истеъмолчиларнинг сони ва улар истеъмол қилаётган нарсаларнинг миқёсида». Жуда тўғри фикр, боз устига, бир неча ўн йил аввал Ганди оддийроқ сўзлар билан тушунтирган фикрга тўла мос: «Дунёда ҳар бир инсоннинг талабини қондиришга етарли нарса бор, лекин очкўзлигини ҳеч ким ҳеч қачон қондира олмайди». Яъни, ҳеч ким очликдан ўлмайди, очкўзликдан ўлиши мумкин.

Ядровий демографик портлаш

Фалсафа сўқишни бир четга йиғиштирсак-да, сўнгги асрда демографик эгри чизиқ қандай шошқалоқлик билан тепага интилаётганидан сўзловчи қуруқ сонларга мурожаат қилсак. Масалан, «аллақандай» 10.000 йил аввал Ер аҳолиси икки миллион кишидан ошмаган, миллиард кишилик маррага 1800 йилда эришилган, 2-миллиардга — яна орадан 120 йил ўтиб! Бундай суръатда ҳозирги 7,3 миллиард 2050 йилга бориб 9,7 миллиардга айланади ва XXII аср бошига бориб эса 11 миллиардга етади.

Қўрқинчли башоратгўйлик

Ўқилганда буларнинг бариси оддий рақамлардек туюлади, реал ҳаётда эса бунинг оқибатини олдиндан айтишнинг мутлақо иложи йўқ, чунки тарихда бунақаси бўлмаган-да! Бизнинг ҳозирги билим даражамиз яқин ўн йиллар ичида катта шаҳарларда паст ва ўрта даромадларга эга бўлган аҳоли ўртасида унчалик катта бўлмаган ўсишни олдиндан айтиб бериши мумкин. Энг қизиғи, бу ҳол мутлақо билинмасдан содир бўлади.

Ўрта синф ва иссиқхона гази

Ўрта ва ўртадан паст сегментда ўсиш чиндан ҳам нисбатан беозор, лекин бу фақат сайёра миқёсида олиб қаралса. Бундан ташқари, бунда шаҳарликлар анъанага кўра камроқ истеъмол қилишади, шунингдек, атмосферага CO2 газини чиқаришда ҳам юқори даромадга эга бўлганлардан жуда ортда қолишади. Албатта, Даниядаги Копенҳаген ва Бразилиядаги Порту-Аллегри каби аҳоли даромадларига қарамасдан, чиқинди газларни нисбатан паст даражада ушлаб турган истиснолар бор.

Ҳаммасига фаровонлик сабабчи

Агар паст даромадли аҳолининг солиштирма сони улкан эканлиги ҳисобга олинса, 11 миллиард киши ҳам ўзининг зарарли чиқинди газлари билан жиддий талофат етказиши мумкин эмасдек, кўринади, лекин бу бир қараганда. Реал муаммолар ўртаҳоллар бойларнинг яшаш тарзини ўзлаштираётганда бошланади, буни эса ҳозирок кузатишимиз мумкин: одамлар топганига эмас, кредитга ҳашамдор нарсалар харид қилишмоқда. Бу ҳолатдан чиқишнинг ягона ақлли йўли — ўз иштаҳасини жиловлаган бойларнинг дастлаб экологик автомобиллардан фойдаланишдек онгли позицияси бўлиши мумкин. Фантастика-я? Буни Кремний водийсининг юраги Пало-Альтода айтинг, у ерда велосипед ҳайдаб юрган миллиардер — оддий ҳол.

Масъулиятнинг тақсимланишини унутиш

Journal of Industrial Ecology журналида 2015 йилда эълон қилинган тадқиқотнинг кўрсатишича, иссиқхона газларининг 60 фоизи ва сувдан фойдаланишнинг 80 фоизи маиший истеъмолчилар зиммасида экан. Буни билгандан сўнг киши ўзини чиқинди газлар учун масъуллик масаласида нуқтаи назарини ўзгартириши осон, айниқса, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда. Масалан, Хитойни экологик ҳисоботлардаги ёввойи рақамлар учун айблаб бўладими, қачонки бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг деярли барчаси экспортга кетса?

Моделни ўзгартириш ёрдам бермайди

Бироқ «юқори» ва ўрта синф тўсатдан ўз манфаатларидан жамият манфаатларини юқори қўйишга қарор қилса ҳам, Она Ер 11 миллиард «фарзанди»ни боқишга қодир бўлмай қолиши мумкин. Олимларнинг Ер аҳолисини 9 миллиард кишилик маррага етганидан сўнг узоқ давр мобайнида секин-аста камайтиришга тенденция жорий этиш ҳақидаги таклифи ғалати кўринса ҳам, маънодан холи эмас. Нима бўлганда ҳам, шундай бўлаётганининг айрим белгилари ҳам бор. Масалан, БМТ ҳисоботларига кўра аҳолининг ўсиш суръатлари 1970–75 йиллардаги ҳар бир аёлга ўртача 4,7 боладан 2005–10 йилларда 2,6 болагача камайган.

Фалокат ҳам қутқармайди

Хитойда яқинда бекор қилинган «бир оилага — бир фарзанд» сиёсатини ҳар бир мамлакатга жорий қилиш ҳам, экспертларнинг фикрича, туғилиш суръатлари пасайтирмасидан туриб, ёрдам бермаслиги мумкин. Ҳаттоки 2 миллиард жоннинг қурбон бўлишига олиб келувчи назарий глобал фалокатнинг ҳам асримизнинг сўнгига бориб, осонгина ўрни тўлдирилади!

Нажот таълимдами?

Инсон зоти учун хатарларни камайтириш учун ишораларга олимлар мутлақо кутилмаган жойларда дуч келишади. Масалан, жаҳоннинг энг қашшоқ мамлакатларида 350 миллион аёл ўртасида сўровларга кўра, улар сўнгги ҳомиладорлигидан сақланишни исташган, бироқ бунинг учун ижтимоийлашувнинг паст даражаси туфайли маблағга ҳам, ҳаётда бошқа бир режага ҳам эга бўлишмаган. Бундан мантиқий хулоса келиб чиқадики, анъаналар билан эзилган ва эскирган қадриятларга эга ҳудудларда аёлларнинг ҳуқуқий статуси оширилиши билан истеъмол қилинаётган ресурсларни камайтириш мумкин.

Самарадорлик инсониятни қутқаради

Бир неча йил аввал БМТ томонидан эълон қилинган докладда айтилишича, Ер куррасининг сиғими устида олиб борилган турли 65 тадқиқотнинг энг кўп такрорланган хулосаси 8 миллиард рақамидан иборат бўлган, яъни ҳозирги етишилган маррадан бироз кўпроқ. Тўғри, тадқиқотларда 2 миллиард, ҳаттоки 1,024 милиард рақами ҳам учраган, бироқ бу ҳақиқат чегарасини янада хира торттиради.

Афтидан, сайёрамиз яна бир муддат «резинали» бўлиб утарди, фақат бир шарти бор: ҳаддан зиёд истеъмол қилишни камайтириш чоралари кўрилса ва технологиялар бир жойда депсиниб турмаса. Бу ерда 1930-йилларда Карл Бош томонидан ерга ўғит беришнинг самарадор усули ихтиро қилингани яхши мисол бўлиши мумкин. Ўшанда ерларнинг унумдорлиги кескин ошган ва бир участкадан бир неча карра кўпроқ инсон учун озиқ-овқат етиштириш имконияти пайдо бўлган эди.