Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 14-15 май кунлари Хитойда ўтказиладиган «Бир макон, бир йўл» форумида иштирок этади.

Туркия президенти маъмуриятининг маълумотига кўра, у ташриф доирасида Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашишни режалаштирган.

14 май куни Туркия раҳбари форум доирасида ташкиллаштириладиган олий даражадаги учрашувларда иштирок этади, 15 май куни эса у Пекинда давлат раҳбарлари доира столида чиқиш қилади. Шу билан бирга у икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Бу йилги форумда Туркия раҳбаридан ташқари 28 давлат президентлари ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади: Ўзбекистон, Аргентина, Беларусь, Чили, Чехия, Индонезия, Қозоғистон, Кения, Лаос, Филиппин, Россия, Швейцария, Вьетнам президентлари, Камбожа, Эфиопия, Фижи, Юнонистон, Венгрия, Италия, Малайзия, Мўғулистон бош вазирлари, Мьянма давлат котиби, шунингдек, Покистон, Польша, Сербия, Испания, Шри-Ланка бош вазирлари.

Эрдўған 15 майдан 17 майгача АҚШда ҳам давлат ташрифи билан бўлади.

16 май куни у Вашингтонда АҚШ президенти билан учрашишни режалаштирган. Музокаралар тор доирада бўлиб ўтади, шунингдек, делегациялар иштирокида кенгайтирилган форматдаги учрашув ҳам ташкил этилади.