2017 йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида жами 364 минг 570 АҚШ доллари, 11 746 евро, 663 минг 400 Россия рубли, 227 минг 198 тенге, 1 млрд 299 млн ва 332 млн сўмлик бошқа турдаги валюта маблағлари ашёвий далил сифатида олинган. Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Абдурахимов Фатхулла Кун.uz сайти сўрови бўйича шу маълумотларни тақдим этди.
 
Унинг сўзларига кўра, ўтган 4 ой мобайнида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан жами 177та ҳолат аниқланган. Улардан 31тасига жиноят иши қўзғатилган ва 146таси бўйича маъмурий-ҳуқуқбузарлик содир этгани учун материаллар тўпланиб, судга юборилган.

Фото: kun.uz

Хусусан, департаментнинг Яшнобод туман бўлими ходимлари томонидан фуқаро А.нинг аризасига, асосан, Шайхонтохур туманида жойлашган “Флешка” савдо марказида тезкор тадбир ўтказилган. 

Доимий равишда ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланган Р. ва Н. исмли шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, фуқаро А.га ҳар бир АҚШ долларини “қора бозор” курсида 7700 сўмдан ҳисоблаб, 5 минг 200 АҚШ долларини қонунга хилоф равишда 40 млн сўмга сотаётган вақтда Департамент ходимлари томонидан ушланган. Уларнинг ёнидан 16 минг АҚШ доллари, 10 минг 220 евро, 1010 Англия фунт стерлинги, 440 минг 800 Россия рубли ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. 

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 177-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.