Ҳисоб палатаси – Грециядаги Олий судлардан бири – ҳукуматнинг кредиторлар билан келишувида назарда тутилган пенсияни қисқартириш ҳақидаги қарорни инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Европа хартиясини бузади, деб топди. Ҳукуматдаги шахслар суд қарорини эътиборга олиш ва керак бўлганда қонун лойиҳасига тузатишлар киритишга ваъда беришган.

Суд қарори қонун лойиҳаси парламентга киритилгунга қадар пайдо бўлди. Судьялар фикрича, 2019 йилдан бошлаб асосий ва қўшимча пенсияларни 18 фоизга қисқартириш инсон ҳуқуқлари бўйича Европа хартиясига биринчи қўшимча бўлган баённомага зиддир.

Пенсияларни қисқартиришни эса халқаро кредиторлар талаб қилмоқда. Бу Грецияда ислоҳотнинг давом этаётганига ижобий баҳо бериш ва чуқур инқирозда бўлган маҳаллий иқтисодиётга янги кредит траншларини ажратишнинг бир шарти.

Экспертлар тахминича, ҳозирги пенсионерлар солиқ солинмайдиган даромад даражаси тушиб кетиши ҳисоб олинса, йилига бир ярим пенсиядан маҳрум бўлиши мумкин. Хусусан, бир миллиондан ортиқ пенсионерлар 45 дан 350 еврогача йўқотади. Шу билан бирга, қисқартириш паст пенсияга эга бўлганлар, бевалар, ногиронлик бўйича пенсия олувчиларни ҳам қамраб олади. Ҳукумат вакилининг маълум қилишича, суд қарори тавсиявий кўринишга эга экан.

Қонун лойиҳаси яқин кунлар ичида шошилинч сифатида киритилади. Парламентда у бўйича овоз бериш 18 майга режалаштирилган. Қонун лойиҳаси Еврогуруҳнинг 22 майдаги йиғилишига қадар қабул қилиниши керак, айнан ўшанда Грецияга янги кредитларни тасдиқлаш ва мамлакатдаги ислоҳотларни баҳолаш бўйича қарор қабул қилинади.