Испания парламенти депутатлар конгресси ҳукуматга диктатор Франсиско Франконинг жасадини эксгумация (мурдани суд-медицина экспертизаси учун ковлаб олиш) қилиш ва ҳозирги жойдан бошқа ерга кўчириш таклифи билан мурожаат қилди. У Мадрид яқинидаги Шаҳидлар Водийсида кўмилган.

Испанияда сўнгги йиллар давомида Мадриддан 60 километр узоқликда жойлашган ва Франко (ҳукумат тепасида 1939-1975 йилларда бўлган), “Испан сафи” партияси асосчиси Хосе Антонио Примо де Ривера (партиянинг 1933-1936 йиллардаги раиси), шунингдек Испаниядаги фуқаролар урушининг (1936-1939 йиллар) минглаб иштирокчилари дафн этилган Водий борасида жиддий можаролар келиб чиқди. Катта мемориал мажмуаси 1940 йилда Франко буйруғи билан қурила бошланган.

Мухолиф Испан социалистик ишчи партияси илгари сурган таклифни конгресснинг 198 нафар депутати қўллаб-қувватлади. Матнда айтилишича, “Тарихий хотира тўғрисидаги Қонун”га мувофиқ “Франсиско Франко жасад қолдиқларини эксгумация қилиш ва уларни Шаҳидлар Водийсидан ташқарига кўчириб ўтказиш керак”.

Бундан ташқари, парламентарийларнинг фикрича, Водий “франкистлар ва миллий-католицизмни ёдга оладиган жой бўлишига чек қўйиш лозим”, ҳамда диктаторлик режими “қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирадиган” жойга айланиши даркор.

"Ташаббус диктатор Франсиско Франко ва унинг диктатураси, нацизм, ксенофобияни қўллаб-қувватловчи ёки ҳимоя қилувчи ташкилот ёки юридик шахсга кўмак ёхуд давлат субсидияси ажратишни бекор қилишга ҳам йўналтирилган", - дейилади ҳужжатда. Айни дамда Франсиско Франко Миллий фонди каби ташкилотлар давлат маблағларини олади.

Собиқ судья Бальтазар Гарсон маълумотларига кўра, Фуқаролик уруши ва диктатура вақтида 144 минг киши бедарак йўқолган, уларнинг катта қисми биродарлар қабрларида дафн этилган.