Испанияда доимий тарзда ўтказиладиган ёшлар мусобақасидан бирида ўзига хос натижа қайд этилди.

14 жамоа қатнашган мусобақада қатнашган жамоалардан бири қизлар жамоаси эди. Охир-оқибат 13та ўғил болалар жамоасидан устун келган шу жамоа чемпион бўлди. Жамоанинг 13 ёшли ҳужумчиси ва сардори Андреа Гомеш эса турнир тўпурарига айланди. Бу ҳақда The New York Times репортажида ёзилган.

«Мен доим футбол фақат ўғил болалар учун эмаслигини исботлашни хоҳлаганман. Агар сенда техника яхши бўлса, қиз бола бўлсанг ҳам футбол ўйнашинг мумкин», дейди Андреа.

«АЕМ Ллеида» жамоаси мураббийнинг айтишича, унинг шогирдлари қизлар ўртасидаги мусобақаларда катта фарқ билан ғалаба қозонаверишганидан кейин ўғил болалар билан ўйнашга қарор қилган.

«Бу ишга жамоанинг ўсиши учун қўл урилган», дейди мураббий.

Мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилган Андреа келажакда аёллар футболи ривожланган жойларда футбол ўйнамоқчи эканини ва бу борадаги энг қулай жой АҚШ эканини таъкидлаган.