Испания футболи етакчилари ўз ареналарини кенгайтириш ва янада кўпроқ пул ишлаб топиш учун умумий ҳисобда бир миллиард евронинг баҳридан ўтишга тайёр.

Фото: Forbes.ru

Испаниядаги энг катта икки футбол стадиони — Мадриддаги «Сантьяго Бернабеу» (сиғими: 81.000 томошабин) ва Барселонадаги «Камп Ноу» (99.000 томошабин) кенг миқёсдаги қайта кўриш ишларига тайёрланмоқда. Лойиҳалар маъқулланган бўлса ҳам, ишларнинг бошланиш санаси ҳали аниқ эмас. «Реал»га лойиҳа деталларини шаҳар ҳокимияти билан кенгашиб олиши зарур бўлса, «Барселона» қарзларидан қутилиши керак. Ҳар икки аренанинг умумий сметаси — 1 миллиард еврога тенг баҳоланмоқда. Forbes бунча пулни клублар нима учун сарфлашаётганини аниқлади.

Тарих. Икковлонга ярим миллиард песет

1947 йилгача «Реал» сиғими бор-йўғи 15.000 кишилик бўлган стадионда ўйнаган. Клуб президенти Сантьяго Бернабеу номини кейинчалик олган янги, икки қаватли стадион 75.000 кишига мўлжалланганди. 1954 йилда унинг минбарларидан бирида учинчи қават қад кўтарди ва кейинги ўн йилликлар мобайнида «Реал» ўйинларига 125.000 томошабин кирган пайтлар ҳам бўлди.

Ўша 1954 йилда Каталония пойтахтида «Барселона» учун янги стадион қура бошлашган. 1957 йилда 60 минг кишилик Camp de les Corts’дан клуб 93 минг кишилик янги аренага кўчиб ўтади. «Камп Ноу» ва «Сантьяго Бернабеу»нинг қурилиши 288 миллион песетга тушади, яъни ўша вақтнинг курси билан 7 млн. долларга.

1982 йилда Испания жаҳон чемпионати мезбони этиб танланади. Турнирни қабул қилаётган стадионлар минбарларини энг камида ярмисини ўриндиқлар билан жиҳозлаш керак эди (бунгача минбарларнинг аксарият қисмида ўриндиқлар йўқ, ўйинни тик туриб кўришга мослашганди). Бу «Бернабеу» сиғимининг 98 минг кишигача қисқартирилишига олиб келди, чунки ўриндиқлар билан бир қаторда инженерлик конструкциялари ҳам ўрнатилган эди. «Барселона» эса ўшанда барча минбарлар устидан учинчи қаватни қуриб битказди ва стадион сиғимини учдан бир қисмга ошириб, 120.000 кишига етказди.

90-йилларда Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) стадионлардаги тик туриб кўришга мўлжалланган жойлардан тўлиқ воз кечиш талабини илгари суради. «Барса» «Камп Ноу»нинг барча минбарларини ўриндиқлар билан жиҳозлайди ва унинг сиғими ҳозирги 99 минггача тушади. «Реал» эса ўз стадион сиғимининг бир баробар камайиши таҳдиди остида қолади, шу сабабли барча минбарлар узра учинчи қават қад ростлайди ва жами сиғим 81.000 ўриндиққа етказилади.

«Сантьяго Бернабеу» доимо янгиланиб турилибди. 2000–2016 йилларда уни замонавийлаштириш учун клуб 241 млн. евро сарфлаган. Сўнгги бир неча йил ичида аренани кенг миқёсда янгилаш ишлари олиб борилмоқда. «Барселона» учун янги стадион барпо этиш ҳақидаги гап-сўзларга 2000-йиллар бошида нуқта қўйилди, ўшанда мутасаддилар «Камп Ноу»ни модернизация қилиш ҳақида якдил тўхтамга келишганди.

Даромадлар. Иккисига: йилига 300 млн.евро

«Камп ноу» ва «Сантьяго Бернабеу» клуб даромадлари тизимида ўхшаш улушга эга. Клубларнинг 2015/16 мавсум якунлари бўйича ҳисоботларига қаралса, «Барселона» 612 млн. евро даромаддан (футболчилар сотилишидан келган пуллардан ташқари), 158 миллионини (26 фоизини!) ўз аренаси орқали топган. «Реал»га эса стадиони 619 млн. евродан 153 млн. (25 фоиз) даромад келтирган.

Стадионлар нафақат футбол ўйинлари вақтида пул ишлашади. 2016 йилнинг баҳорида ҳар иккиси учун спортдан ташқари энг мўмай даромад келтирган нарса Брюс Спрингстиннинг концерти бўлди. «Камп Ноу»да у 65 минг мухлисни тўплаган ва 6 млн. евро даромад келтирган, «Бернабеу»да 56 минг киши ва 5,4 млн. евро. «Реал»нинг клуб музейига бир йилда миллион киши ташриф буюради, «Барселона»никига эса 1,5 миллион зиёратчи.

«Камп Ноу»нинг ҳозирги сиғими (99.000) «Сантьяго Бернабеу»никида деярли 20 минг кишига кўпроқ. Лекин Мадрид клубининг стадионлари яхшироқ тўлади: ўртача 86 фоиз (69 минг), Барселонада эса 71 фоиз (71.000).

Навбатдаги янгиланиш доирасида азалдан ҳар икки аренани кенгайтириш мўлжалланган эди. Каталония клуби бу фикрдан қайтмаган: «Янги Камп Ноу» лойиҳаси 15 минг томошабин ўрнини назарда тутади. Мадрид шаҳар кенгаши эса «Бернабеу»нинг кенгайтирилишига, унга ёндош ҳудудларни қайта қуришни ҳам тақиқлаган. Энди Арена ҳозирги сиғимини сақлаб қолади, қурувчилар арена сифатини ошириш устида ишлашади.

Янги «Камп Ноу»: кенгроқ, замонавийроқ ва даромадлироқ

«Камп Ноуни» модернизация қилиш бўйича ишлар 2017 йилнинг майида бошланиб, 4 йилга чўзилиши мумкин. Лекин ишларнинг бошланиши кечиктирилди. Клуб вице-президенти Сью Монах бунга шундай изоҳ берди: қайта қуриш учун ишларни бошлашдан аввал клубнинг умумий қарзини ҳеч бўлмаганда 200 млн. еврога тушириш лозим. УЕФА маълумотларига кўра, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига клуб бўйнидаги қарз 270 млн. еврони ташкил этади ва бир йил давомида 40 млн. еврога қисқарган.

Ҳозирги даромадлар ва харажатлар баланси сақланиб турилса «Барса»га қарзларини 200 млн. еврогача камайтириш учун яна 2 йил керак бўлади, шундан сўнггина «Камп Ноу» Каталониянинг Pascual i Ausió фирмаси ва японларнинг бир неча футбол стадиони қурган Nikken Sekkei компанияси лойиҳаси бўйича модернизация қилиниши мумкин.

Янгиланиш бутун клуб инфраструктурасини қамраб олади: стадионни ҳам, базани ҳам, «Барселона»нинг баскетбол ва қўл тўпи жамоалари ўйнайдиган ареналарни ҳам. «Камп Ноу»нинг барча минбарлари усти ёпилади, VIP-ўриндиқлар икки баробар оширилади, автомобиль учун тўхташ жойлари эса 1500 дан 5000 тага етказилади.

Фото: Forbes.ru

«Камп Ноу»нинг янги кўриниши 105 минг кишини ўз бағрига олади. Қайта қуриш учун 600 млн. евро сарфланади.

Стадионнинг биринчи қавати майдон ҳар бир ўриндиқдан яққол кўриниши учун қайта қурилади (айни пайтда баъзи бир ўриндиқлардан майдон яхши кўринмайди). Учинчи қават бироз кенгайтирилади. Биринчи ва иккинчи қават орасидаги майдон кўриниб турувчи ложалар ва ресторанлар янгиланади, минбарлар ости замонавийлаштирилади. Тўсиқларсиз муҳит яратиш ва стадионнинг учинчи қаватига эскалатор ва лифтларда чиқиш имконияти алоҳида белгилаб қўйилган.

Қайта қуриш ишлари бошлаганида «Барселона» ўз стадионида ўйнашда давом этаверади. Бу вақт мобайнида унинг сиғими бор-йўғи 10 фоизгача камайтирилади — абонемент эгалари эса бошқа қулайроқ жойга ўтқазилади. Минбарларни модернизация қилиш учун асосий ишлар ёз фаслида — расмий футбол учрашувлари ўтказилмайдиган пайтга мўлжалланган.

Ишларнинг умумий қиймати 600 млн. еврога баҳоланган. Улар якунлангач, «Камп Ноу» «Каттароқ, замонавийроқ ва даромадлироқ» бўлади.

«Етакчилик статусини тасдиқлаш учун биз тарихий қадамни ташлашимиз керак. У клубга алоқадар ҳар бир кишидан иштиёқ талаб қилади, бироқ кейинчалик спортчилар ва томошабинлар учун замонавий технологиялар ўта қулайликни тақдим этади», – деган эди «Барселона» президенти Росель 2014 йилги тақдимот чоғида.

Бўлажак «Сантьяго Бернабеу»: жаҳоннинг энг яхши стадиони

«Реал» раҳбарияти Европанинг энг совриндор жамоаси титулига мос келувчи тезисларни эълон қилмоқда: «Биз «Сантьяго Бернабеу» жаҳоннинг энг яхши стадиони бўлишини хоҳлаймиз», — деган модернизация лойиҳаси ҳақида клуб президенти Флорентино Перес.

«Бўлажак Бернабеу» лойиҳалари танловида Испаниянинг L35 ва Ribas&Ribas компаниялари, шунингдек, Германиянинг GMP Architekten компаниялари қўшма лойиҳаси ғолиб чиққан. GMP Architekten бюроси мухлисларга яхши таниш: у жаҳон чемпионатлари учун Берлин (Германия), Кейптаун (ЖАР), Манаус (Бразилия) да стадионлар барпо этган. Шунингдек, Киевдаги «Олимпийский» стадиони, «Краснодар» ФК стадиони ва Тошкентдаги «Бунёдкор» стадиони лойиҳачиларидан ҳисобланади.

Фото: Forbes.ru

Янгиланган «Сантьяго Бернабеу»да 3000 та VIP ўриндиқ пайдо бўлади, бироқ умумий сиғим аввалгидек қолади

Мадрид шаҳар кенгаши стадион сиғимини 93.500 кишига етказадиган, савдо мажмуаси, отель ва автомобиллар учун тўхташ жойи қуришни назарда тутган 420 млн. евролик дастлабки лойиҳани тасдиқламаган. Фақатгина 3 мингта VIP ўриндиқ қўшиш (ҳозир уларнинг сони 4744 та), арена атрофини кўкаламзорлаштириш ва унинг фасадига футуристик кўриниш бериш борасидагина келишилган. Бу ҳолатда ишларнинг қиймати бироз арзонроқ — 400 млн. еврога тушади.

«Бернабеу» фасадини LED-тизим билан интеграциялашган кумушранг пластиналар билан қоплаб чиқишади. Баъзи ҳолатларда ундан панорамали экран сифатида фойдаланиш мумкин. Стадион очилиб ёпилувчи том, бинода янги меҳмонхона пайдо бўлади ва унинг атрофи кўкаламзорлаштирилади.

Қайта тиклаш 3 йил вақтни олади. Лекин ишни бошлаш муддати ҳанузгача аниқ эмас. Мадрид шаҳар ҳокимиятида бу борадаги сўнгги маълумот 2017 йилнинг февралида эълон қилингади. Ўшанда стадион атрофи лойиҳаси тасдиқлангани маълум қилинган эди.

Хўш, кейин-чи?

«Реал» ва «Барселона» стадионлари ҳозирги ҳолатида бир мавсумда клубларга 150 миллион евро даромад келтиришади. Қайта тиклашдан сўнг бу рақамлар ўсишини башорат қилиш жуда қийин. Сўнги ўн беш йил ичида жаҳондаги стадионларда ўтказилган модернизация испан грандлари учун намуна бўла олмайди.

2005/06 мавсумда «Олд Траффорд» сиғимининг шунчаки катталаштирилиши «Манчестер Юнайтед» учун matchday revenue (чипта, абонемент ва атрибутика савдосидан тушадиган пул) нинг 30 фоизга — 2004/05 мавсумдаги 102,5 млн евродан 2006/07 мавсумда 137,5 млн. еврогача ошишига олиб келди. Манчестернинг яна бир жамоаси — «Сити» 2014/15 мавсум давомида «Этиҳад стейдиюм»нинг кенгайтирилишидан 25 фоиз кўпроқ фойда кўра бошлаган.

Лондоннинг «Арсенал» клуби 2006 йилда 39 минг кишилик «Ҳайбери»дан ўта замонавий «Эмирейтс» (60.000 киши) га кўчиб ўтади ва matchday revenue’сини икки баробар ошириб олади: эски стадионида клуб бир мавсумда 63,8 млн. евро ишлаб топган бўлса, янги стадиондаги илк мавсумдаёқ 134,6 млн.ю евро топган. Мюнхеннинг «Бавария»сидаги аҳвол ҳам шунга ўхшаш, «Арсенал»дан бир йил олдин «Олимпия» (53.000) стадионини «Алянц Арена» (67.000) га ўзгартирган клубнинг ўйин кунларидаги даромадлари 30 млн. евродан 52,1 млн. еврога кўтарилган.

«Сантьяго Бернабеу»нинг сиғими қайта тиклаш жараёнида оширилмайди, «Реал» ўйин кунларида кўпроқ чипта ёки атрибутикалар сота олмайди. Клуб даромадлари фақат VIP-мижозлар билан ишлаш ва стадиондан тижорий мақсадларда фойдаланиш кетидан ошиши мумкин.

«Камп Ноу» эса қайта тиклашдан сўнг бугунгисидан бор-йўғи 5 фоиз кўпроқ мухлисларни қабул қилади (таққос учун: «Олд Траффорд» 12 фоизга кенгайтирилган, «Этиҳад» — 17 фоизга). «Барса» ҳам стадиондан янада кўпроқ даромад қилиш учун хизматни яхшилашни йўлга қўймоқда: ресторанларнинг сони ва сифати, VIP-ложалар, оддий мухлислар учун хизматларнинг даражаси ва қиймати, дегандек.