АҚШ Марказий разведка бошқармаси Жанубий Корея билан ишловчи марказ яратди. Бу марказнинг вазифаси Шимолий Кореядан билдирилаётган ядровий ва баллистик ракета хавфи муаммосини "барча куч, имконият ва ваколатларни қўллаб" ҳал қилишдан иборат. Бу ҳақда МРБ сайтида маълум қилинди.    

Янги марказ разведка ҳамжамияти ва АҚШ махсус хизматлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

МРБ директори Майк Помпеонинг айтишича, марказ яратилиши "Шимолий Кореядан  АҚШ ва унинг иттифоқдошларига билдирилаётган жиддий хавфларга" мақсадга мувофиқроқ курашишга имкон беради.

Корея яриморолидаги вазият халқаро сиёсатнинг энг кескин мавзуларидан бири ҳисобланади. Аввалроқ агар Пхеньян яна битта ядровий синовни амалга оширса, Вашингтон Шимолий Корея ҳарбий объектларига огоҳлантирувчи зарба беришга тайёрлиги маълум қилинганди. Бунга жавобан Шимолий Корея ўзи огоҳлантирувчи зарба беришини айтган.

Кейинроқ Вашингтон Шимолий Кореяга дипломатик йўл ва санкциялар билан босим ўтказмоқчилигини ҳамда Пхеньянни ракета ва ядровий дастурлардан воз кечишга мажбур қилишда Хитойни жалб қилмоқчилигини айтган.