Бу ҳеч қандай риторик савол эмас. Кинояга қоришиқ мушоҳада ҳам эмас. Шунчаки юқорида кўриб турганингиз сурат ортидан табиий равишда ҳар кимнинг ҳам дастлаб хаёлига келадиган, тўғри маънодаги савол...

Бу сурат - камина Хотира куни сабаб, ота юртга бориб, зиёрат қилиб ортга қайтаётган чоғда - Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани ҳудудида, Каттақўрғон томондан келаверишдаги – “Даҳбед” қишлоғидан олдинги ҳудудда олинди. Олинди-ю, кўнгилда ғалати иштибоҳлар уйғотди. Тўғри, эҳтиросга берилмасдан, мантиқан ўйлаб кўрилса, бу ёзув – йўловчилар учун маълум бир номдаги ҳудуд чегараси тугаганини эслатувчи белги, холос. Лекин шунақаям ўйга толдиргувчи белги-ки...

Жойларга ва ҳудудларга ном бериш билан шуғулланувчи топономик комиссиялар ишидаги жиддий “қовун туширди”дан далолат аслида бу. Яқин тарихимизда ҳам шунақа - “Салла” деса, биратўла каллани олиш” хасталиги урчиб ётарди. Биргина тумандаги “Ленин” номи билан аталгувчи бир эмас, икки эмас, нақ тўрт-бешта, тўғрироғи, “Ленин номли”, “Ленинизм”, “Ленин йўли”, “Ленин байроғи” каби турфа урчима номлар билан аталган хўжаликлар, ҳаммом пештоқига ҳам “Яшасин...”намо алвон шиорлар ёзилган даврларни кўрдик. Дейлик, “Пролетарий” номли колхозда жойлашган “Коммуна” мактабида ўқиб, “Ильич” номи билан аталган клубларда кинолар кўрдик. Балки тарихни қайтармоқ шарт эмасдир...

Бугунги – анчайин бир тўйхона, майхона ва ёхуд маҳалла идораси пештоқига ҳам “Истиқлол”, “Мустақиллик”, “Ўзбекистон” каби улуғвор тушунчаларни битиб қўйиб, уларни шу номлар билан аташ – ўша даврлардан қолган тушунчаларнинг оқаваси эмасми аслида?.. Балки “бас” қилиш фурсати келгандир. Устоз ёзувчимиз беш-олти йил аввал куйиниб ёзганидек, “Бир хил... бир хил... бир хил”ликдан қутулиш мавриди етмадимикин?..

“Зиёлилар”, “Нуронийлар”, “Фидоийлар” каби ва ҳоказо “...лар” билан аталган кўча-ю маҳаллаларни гапирмаса ҳам бўлар. Сирасини айтганда, бу каби “ватанпарварлик” ва “нуктадонлик” қаердан чиқаётганига лол қоласан...

Тўғриси, ушбу сўзларни битиб, кимларнингдир, балки хайрли ва нек ниятлар билан бошлаган ишига соя солиш ёхуд бу ишларга шубҳа билдириш ниятимиз йўқ. Шунчаки, улуғвор номларни ўрни бўлса-бўлмаса, қўллайвериш нечоғли самара беришини-ю, бунинг ўрисчасига айтганда, “медвежья услуга” (ўзбекчаси - “ур” деса, кўзини чиқариш” бўлади, шекилли) сифатида бўлиб қолмаслигига кафолат йўқлигини эслатиш, холос.

Хўп, қишлоқни ёки хўжаликни шу ном билан аташга атабсиз, жилла қурса номни қўштирноққа олиб, “фалон номдаги хўжалик” деб ёзишга наҳотки жуда катта калла керак бўлса?..

Юқоридаги суратни ва ундаги пешлавҳани тўғри тушунган – тушунади. Тушунмагани эса...

Яшириб нима қилдик, кечаги – Хотира ва қадрлаш байрамини ҳар йилгидан ўзгача нишонлашимиз, ундаги уруш йиллари қўшиқлари ва тимсолларини эслашимизни – “советни қўмсаш”, дея талқин этгувчилар ҳам топилди-ку. Ана ўшалар бу расмни кўрса борми, уларнинг жағига Худо берди, деяверинг.

Шунисидан хавотирдамиз...

Комилжон Шамсиддинов, журналист