10 май оқшомида ЕЧЛ ярим финали доирасидаги жавоб учрашувида«Атлетико» «Реал»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди, аммо Зинедин Зидан шогирдлари икки учрашув натижасига кўра, (бир ҳафта олдинги учрашувда 3:0 ҳисоби қайд этилганди) финалга чиқди ва 3 июнь куни Кардиффдаги «Миллениум» стадионида «Ювентус»га қарши ўйнайдиган бўлди.

«Висенте Кальдерон» стадионидаги охирги халқаро ўйин

Фото: @ChampionsLeague

«Атлетико» – «Реал» дербиси «Висенте Кальдерон» стадионида ўтказилган охирги халқаро миқёсдаги учрашув бўлиб қолди. Жамоа бошқа замонавий стадион қурмоқда ва Испания чемпионатида мавсум якунлангач, бу стадион бузиб ташланади.

Ўйиндан олдин биринчи ўйин натижасидан келиб чиққан ҳолда кўпчилик Диего Симеоне жамоасининг финалга йўл олишига ишонч билдирмаётганди, аммо мураббий «Атлетико» охирги дақиқагача финал учун курашишини ваъда қилди.

— Биз ўзимизга ва кучимизга ишонамиз, – деганди Симеоне ўйинолди матбуот анжуманида. – Жавоб учрашуви олдидан ўзгаришлар қилмоқчи эмасмиз. Биз ўзимизнинг нималарга қодирлигимизни яхши биламиз. Мен ўз футболчиларимга тўла ишонаман, улар яхши футбол намойиш этиб беришади. Биз майдонда ўз устунликларимиздан фойдаланмоғимиз лозим. Мен ўз футболчиларим орасида бу ўйиннинг моҳиятини тушунмайдиганлар бўлишини истамайман. Бизнинг ўз устун жиҳатларимиз бор, шулар эвазига бу оғир вазифани уддалашга уриниб кўрамиз. Ҳакам ҳуштагини чалмагунича таслим бўлиш йўқ. Агар футболчиларимни «Реал»га қарши руҳлантира олмасам, демак ўз ишимни яхши уддаламаётган бўламан.

Зидан йирик ҳисобда ютқазмади

Фото: @ChampionsLeague

Зинедин Зидан «Реал» бош мураббийи бўлганидан буён 3та гол фарқи билан ютқазмаган. Жамоанинг ЕЧЛдаги энг йирик мағлубияти ўтган мавсумда кузатилган, ўшанда «қаймоқранглилар» жамоаси Германияда «Вольфсбург»га 0:2 ҳисобида ютқазганди. Ўшанда «Реал»га Криштиану Роналдунинг жавоб учрашувида урган ҳет-триги ёрдам берган ва жамоа кейин муваффақиятли юришини давом эттириб, чемпионга айланганди. «Криштиану Роналдунинг ҳет-триги» бу мавсумда «матрасчилар»ни йўлда қолдирадиган бўлди. Португалиялик бу ҳужумчи 8 кун олдин «Атлетико»га қарши биринчи учрашувда 3 гол уриб, жавоб ўйини олдидан кўп нарсага ойдинлик киритиб қўйганди. Бу ўйиндан олдин Симеоне олдида қийин вазифа турганди: «Реал»га камида 3та гол уриш муҳимроқми ёки Роналдуга эркин ҳаракатланиш имконини бермасликми? «Олтин тўп»нинг тўрт карра соҳиби ўз имкониятига қачондир эга бўлиши тайин эди. «Атлетико» бу ўйинда ўз жарима майдони атрофида диққатни бир дақиқага ҳам йўқотмаслиги керак эди. Талаб қаттиқ эди.

Мезбонларга стандарт ва пенальти ёрдамга келди

Максимал даражада юқори темп, рақиб жарима майдонига тажовузкор прессинг, узун паслар ва стандарт вазиятлар – «Атлетико» таклиф этадигани шулар эди. 4-дақиқада меҳмонлар ўнг қанот ҳимоячиси Данило – «Реал» таркибидаги энг заиф нуқта - илк сариқ карточкани олди. Эндиликда «матрасчилар» Данилонинг қанотига босимни кучайтириши кутилди, аммо улар Марселонинг қанотига кўпроқ эътибор қаратишди. Шу томондаги бурчакдан тўп узатилганида Сауль аниқ ҳаракат қилиб, «Атлетико»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Симеоненинг эски фишкаси ишлади –  дарвоза тўсинига яқинлатиб тўпни узатиш. Сауль бош билан тўпни дарвоза тўрига йўналтирди ва «Висенте Кальдерон»даги ҳайқириқларни янада яхшироқ эшитиш учун қўлларини қулоқларига қўйиб мухлислар томон чопди. Бу вақтда ҳали ўйиннинг 12-дақиқаси ўтиб бораётганди.

Фото: @ChampionsLeague

«Реал» – «Ювентус» эмас, бу жамоа ҳисобни соатлаб сақлаб тура оладиган жамоа эмас. Зидан жамоаси ҳимояда хатолар қилишда давом этди ва «Атлетико»дан тўпни олиб қўя олмади. Биринчи голдан кўп ўтмай иккинчиси ҳам келди. Ўйин ҳаками Жунайт Чақир аввалига Серхио Рамос Янник Феррейра-Карраскони йиқитганида пенальти белгиламади, аммо Рафаэль Варан Фернандо Торресни очиқчасига йиқитганида 11 метрлик нуқтани кўрсатишга мажбур бўлди, Антуан Гризманн эса ҳисобдаги устунликни оширди, 16 дақиқадаёқ ҳисоб 2:0 кўринишига келди.

Фото: @ChampionsLeague

«Атлетико» 5 дақиқа чидай олмади

Роналдуни мезбонлар тўла зарарсизлантиришга эришишди. «Атлетико» ўз прессинги билан португалиялик футболчини шерикларидан узиб қўйди, биринчи бўлимда Криштиану ўзини кўрсата олмади. Симеоне шогирдлари 2:0 ҳисобидан кейин бироз тин олиш учун ҳимояга қайтишганида ҳам «Реал» ҳужумчисини хавфли позицияда қолдиришмади. Роналду Ян Облак дарвозаси томони икки марта зарба берди, улардан бирини Стефан Савич ҳали жарима майдонига кирмасиданоқ тўсди.

Агар «матрасчилар» танаффусгача чидаб, ҳисобни сақлаб қолишганида, иккинчи бўлим бошидан яна ҳужумга ўтиб, муваффақиятни давом эттиришлари мумкин эди. Воқеалар ривожи шундай давом этса, уларда иккинчи бўлим бошидаёқ ҳисобни 3:0 кўринишига келтириш имкони мавжуд эди. Аммо уларга 5 дақиқа етмади. «Атлетико» футболчилари бўшашишди ва улар Роналдудан хавф кутишаётганида, Карим Бензема катта саҳнага чиқди: француз футболчиси чап қанотдан рейд уюштирди ва нозик финтлари билан рақибнинг 3 ҳимоячисини ортда қолдириб кетди. Бу вазиятда «Атлетико» ҳимоячилари тарқоқ ҳолатга тушди, Бензама тўпни зарба бериш нуқтасидаги Тони Кроосга узатди, у пастлатиб берган зарбани Облак қайтарди, аммо мезбонлар ҳимоячилари бир-бирига халақит қилиш билан банд бўлганида Иско хотиржамлик билан тўпни дарвоза тўрига жойлади.

Фото: @ChampionsLeague

Зизу «Ювентус»га қарши

«Атлетико» жамоаси бош мураббийи иккинчи бўлим бошида 10 дақиқа давомида ҳужумлар самара беришини кутди. Аммо жамоаси тезкор гол ура олмагач у икки ўзгаришни амалга оширди, Кевин Гамейро ва Томас Тейе майдонга ташланди. Улар Фернандо Торрес ва Хименесни алмаштиришди. Аммо улар «матрасчилар»нинг ҳужумларини кучайтириб қўйишмади. «Реал» учун хавф ортда қолганди. «Қаймоқранглилар» жамоаси ўйинни назорат қила бошлашди, Роналдуда гол уриш учун кўпроқ имконият юзага кела бошлади.

Симеоне алдамаганди: «Атлетико» футболчилари ҳакамнинг ўйинни якунловчи ҳуштаги янграмагунича курашни давом эттиришди. Бу жамоа ўзининг фантастик характерини яна бир бор намойиш этди! Аммо «Реал», Чемпионлар лигасидаги аввалги мавсумларда бўлгани каби қўшниларидан кучлироқ бўлиб чиқди. «Висенте Кальдерон» Европа билан хайрлашуви кунида бошқанинг байрамига гувоҳ бўлди.

Фото: @ChampionsLeague
Фото: @ChampionsLeague

Эндиликда «Реал» «Ювентус» билан ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушади. Бундай финал 1998 йилдан буён кузатилмаган, ўшанда «қаймоқранглилар» жамоаси Предраг Миятовичнинг голи эвазига Турин жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этганди. Ўша куни «Ювентус» таркибида Зидан ҳам ўйнаганди…